Европада бир вақтнинг ўзида ҳам грипп, ҳам коронавирусни юқтирган беморлар кўпаймоқда

21:21 13 Январь 2023 Дунё
1254 0

Фото: Иллюстратив фото

Шу кунларда «кўҳна қитъа»да эпидемиологик вазият мураккаб. Бир томондан «омикрон»нинг янги — XBB.1.5 субварианти кенг тарқалаётган бўлса, бошқа жиҳатдан ўткир респиратор вирусли касалликлар авж оляпти.

Бундан ташқари, минтақада бир пайтнинг ўзида ҳам грипп, ҳам СOVID-19 инфекциясини юқтирган беморлар сони кўпаймоқда. Мутахассислар бундай ҳолатларга нисбатан «флурон» атамасини қўллаяпти.

Ҳатто Руминияда нафас йўллари яллиғланишини келтириб чиқарадиган бир йўла учта вирус билан касалланиш қайд этилди.

Мамлакат Миллий соғлиқни сақлаш институти маълумотларига кўра, ўтган ҳафта бу ерда 102,8 минг кишида ўткир респиратор вирусли касалликлар аниқланган. Бу ундан аввалги ҳафтага нисбатан 37,9 фоиз юқори кўрсаткичдир. Қолаверса, 4,6 минг одамга грипп ташхиси қўйилган. Бир ҳафта ичида улардан 15 нафари вафот этган.

Молдовада ҳам грипп асоратлари туфайли ўлим кўрсаткичлари ортмоқда. Янги йилда ҳаётдан кўз юмган биринчи бемор 22 ёшда бўлган. У хасталикнинг бешинчи кунида шифокорга мурожаат қилган.

Касалхонага жуда кеч борган 44 ёшли аёлнинг тақдири ҳам шундай якунланди. Текширувлар давомида бемор ўпкаси 65 фоиз зарарлангани аниқланди. Аммо гриппдан азият чеккан бу фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмади.

Экспертлар прогнозига кўра, келгуси ҳафтадан Европада COVID-19га чалиниш ҳолатлари янада кўпайиши мумкин. Шу боис, мутахассислар аҳолини коронавирусга қарши бустер дозада эмланиш, жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиш ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?