Европа Путин ва Трамп суҳбатини Россиянинг ғалабаси деб атади

13:24 20 Май 2025 Дунё
143 0

Иллюстратив фото

Европа расмийлари Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасидаги суҳбатни Москванинг ғалабаси деб атади. Бу ҳақда «Financial Times» газетаси ўз манбаларига таяниб ёзди.

Ўз навбатида, европалик юқори мартабали дипломат Трамп Украина бўйича музокаралардан сўнг Киевни қўллаб-қувватлашдан воз кечишни режалаштираётганини айтди.

Телефон орқали мулоқот душанба куни кечқурун бўлиб ўтди ва икки соатдан ортиқ давом этди. Суҳбат якунлари бўйича Россия раҳбари маълум қилганидек, Москва Киев билан меморандум, жумладан, ўт очишни тўхтатиш бўйича ишлашга тайёр.

Россия президент ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг аниқлик киритишича, раҳбарлар маҳбуслар алмашинуви мавзусига ҳам тўхталиб ўтган: ҳозирда «тўққизга тўққиз» формати ишлаб чиқилмоқда. Сиёсатчилар, шунингдек, мумкин бўлган учрашувни муҳокама қилишди ва у самарали бўлиши кераклиги ҳақида келишиб олдилар. Шунинг учун президентлар гуруҳлари Россия — АҚШ саммити мазмунини ишлаб чиқиш устида ишлайди.

АҚШ президенти Украина президенти Владимир Зеленский ва Европанинг бир қанча етакчиларини Владимир Путин билан суҳбат натижалари ҳақида хабардор қилди. Шунингдек, у Россия ва Украина ўртасида музокаралар дарҳол бошланишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Оқ уй раҳбари суҳбатдан сўнг Москвага қарши янги санкциялар жорий қилмаслигини, чунки можарони ҳал қилиш имконияти борлигини айтди. Трамп Россияга қарши янги санкциялар жорий қилмаётганини келишувга эришиш имконияти борлиги билан тушунтирди.

У Владимир Путин билан шахсий учрашув имкониятини муҳокама қилганини ва суҳбатни «яхши» деб атади. Бунга жавобан Европа етакчилари Россияга нисбатан санкцияларни кучайтиришга келишиб олдилар.

«Чунки мен нимагадир эришиш учун имконият бор деб ўйлайман. Ва агар шундай қилсангиз, бундан ҳам ёмонроқ иш қилишингиз мумкин. Лекин шундай бўладиган вақт келади», деди Трамп журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ келажакда чеклов чораларини истисно этмаяпти, бироқ ҳозирги босқичда дипломатик саъй-ҳаракатларга таянмоқда.

Кейинроқ, Жон Кеннеди номидаги Ижро санъати маркази васийлар кенгаши учун ўтказилган тадбирда Трамп Россия раҳбарини «яхши жаноб» деб атади ва «яхши суҳбатлашдик» деди.

Оқ раҳбари, шунингдек, Россия президентининг Россия — Украина можаросига барҳам бериш истаги борлигини қўшимча қилди.

Европада АҚШ президентининг Владимир Путин билан суҳбати ва унинг кейинги баёнотлари турлича муносабат билдирган.

«Financial Times» газетаси Европа расмийлари кечаги телефон қўнғироғи Россия етакчиси учун катта ғалаба сифатида қабул қилганини ёзди.

Нашр дипломатик манбаларга таяниб ёзишича, улар Трампнинг Путинга жиддий тарзда музокаралар столига келиши учун кўпроқ босим ўтказишга тайёр эмаслигидан норози.

Газетанинг ёзишича, Трамп Путин билан суҳбатдан кейин Владимир Зеленский, шунингдек, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Финляндия ва Европа комиссияси раҳбарлари билан ҳам мулоқот қилган.

«Трамп АҚШ можародан чиқиб кетишини ва Украина ва Россияни тарк этиб, тўғридан-тўғри ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб боришини очиқ айтди», — деб ёзади газета.

«Bloomberg», ўз навбатида, Европа Иттифоқининг юқори мартабали мулозимига таяниб, жамият етакчилари Трампнинг курсидан норози эканини ёзди.

«Расмийнинг қўшимча қилишича, Киев ва бошқа Европа давлатлари раҳбарлари Трампнинг Россия ва Украина ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш режасига рози эмас», — дейилади нашрда.

Суҳбатдан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский Трампни АҚШни музокаралар жараёнидан олиб чиқмасликка чақирган.

«Америка Қўшма Штатлари музокаралар ва тинчликка интилишдан узоқлашмаслиги барчамиз учун жуда муҳим», деб ёзди Зеленский ижтимоий тармоқда.

Кейинроқ Германия ҳукуматининг расмий вакили Стефан Корнелиус АҚШ ва Россия президентлари ўртасидаги суҳбатдан сўнг Европа Иттифоқи давлатлари Москвага қарши санкцияларни кучайтиришга келишиб олганини маълум қилди.

«Reuters» аллақачон Европа Иттифоқи G7 мамлакатларига янги санкциялар пакети доирасида Россия нефти нархини пасайтиришни таклиф қилишини хабар қилган эди. Агентлик манбасига кўра, Европа Иттифоқи бир баррель учун максимал чегарани 50 доллар қилиб белгилашни режалаштирмоқда.

Аввалроқ, Путин «Деловая Россия»нинг XX съездида янги санкциялар таҳдиди қўрқитмаслиги кераклигини таъкидлаган эди.

«Қўрқишга ҳожат йўқ. Ким қўрқишни бошласа, дарҳол ҳамма нарсани йўқотади. Лекин нима бўлиши мумкинлигини тушуниш мутлақо зарур. Ва биз келажакдаги эҳтимолий ёмон ниятлиларнинг ҳар қандай ҳаракатларига тайёр бўлишимиз керак», — деганди у.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?