Европа хавф остида: ҳарорат ҳаддан ташқари ошиши ёнғинлар хавфини оширмоқда
Европада кузатилаётган кучли иссиқлик туфайли Грециянинг Крит оролида йирик ёнғинлар бошланди. Кучли шамоллар таъсирида ёнғинлар тез тарқалмоқда ва натижада 5 мингга яқин киши, жумладан, 3 минг сайёҳ ва 2 минг маҳаллий аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.
Ёнғин Крит оролининг жануби-шарқида жойлашган Иерапетра шаҳри яқинида бошланиб, уй-жойлар ва меҳмонхоналарга ҳам таҳдид солмоқда. 230 нафар ўт ўчирувчи, 46 та техника ва вертолётлар жалб қилинган бўлса-да, кучли шамоллар ишни қийинлаштирмоқда. Тўрт аҳоли пункти эвакуация қилинди.
Грециянинг бошқа ҳудудларида ҳам ёнғинлар қайд этилмоқда. Хусусан, Халкидики минтақасида 160 нафар ўт ўчирувчи ва 49 та техника иштирок этмоқда. Туркиянинг Измир вилоятидаги Чешме ва Одемис шаҳарлари атрофида ҳам ёнғинлар тарқалди. Одемис яқинида бир киши эвакуация пайтида ҳалок бўлди.
Германияда ҳам ёнғинлар кучаймоқда. Саксония ва Бранденбург чегарасида жойлашган ҳудудларда 500 дан зиёд ўт ўчирувчи жалб қилинган, бироқ собиқ ҳарбий полигонларда қолган портловчи моддалар сабабли ишлар қийинлашган.
Францияда ҳарорат 36 даражагача кўтарилди. Австрия, Хорватия, Венгрия, Италия, Польша, Словакия ва Испанияда ҳам ҳарорат 35 даражадан юқори бўлиши кутилмоқда. Италиянинг Рим, Милан, Турин, Палермо каби шаҳарларида қизил даражада огоҳлантириш эълон қилинди. Иссиқлик туфайли электр таъминотида вақтинча узилишлар кузатилиши мумкин.
Италияда кучли иссиқлик туфайли 5 киши ҳалок бўлди. Сардиния оролида 75 ва 60 ёшли икки киши, Геновада 85 ёшли эркак, Болонья яқинида 47 ёшли қурувчи ва Палермода 53 ёшли аёл вафот этди.
Испаниянинг Ллеида вилоятида 5,500 гектар майдон ёнди, икки киши ҳалок бўлди. Албанияда ҳарорат 40 даражани ташкил этди, қишлоқ хўжалигига катта зарар келмоқда. Сербияда эса кучли қурғоқчилик экинларга салбий таъсир қилмоқда.
Олимларнинг фикрича, Европада бу йил иссиқ тўлқинлар одатдагидан анча эрта бошланди. Айрим ҳудудларда ҳарорат 10 даражага ошиб кетган. Денгиз сувларининг исиши оқибатида «иссиқлик гумбази» ҳосил бўлиб, у қитъа ҳудудида иссиқ ҳавони ушлаб қолмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг