Етук кадрлар — ҳал қилувчи куч

18:05 30 Декабрь 2022 Жамият
981 0

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси биз, педагог-ўқитувчиларни ниҳоятда руҳлантирди. Шу билан бирга, олдимизга масъулиятли ва шарафли мақсадларни қўйди. Зеро, Мурожаатномада, биринчи навбатда, янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни ривожлантиришга эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, барча замон ва маконда бўлгани каби тараққиётда, эзгу мақсадлар рўёбида таълимнинг ўрни беқиёс. Шу боис юртимизда ушбу соҳани замон талаблари асосида ислоҳ этишга алоҳида аҳамият қаратиляпти. Бу йўлда қанча фармону қарорлар қабул қилинди, неча-неча дастурлар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, олий таълим бутунлай ўзгартирилди, ёшларимизнинг олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун кенг имкониятлар яратилди.

Таъкидлаш жоизки, билимли ва малакали кадрларни тайёрлаш ҳар жиҳатдан салоҳиятли ўқитувчиларга боғлиқ. Шу маънода, Жиззах давлат педагогика университетида ҳам бир қатор ижобий ишлар йўлга қўйилди. Илк навбатда, университет педагогик жамоасини янгилашга, “ёшартиришга” жиддий эътибор қаратилмоқда. Ёш ва ғайратли, умидли ўқитувчилар танлов асосида ишга қабул қилинмоқда. Улар белгиланган мезонларга мувофиқ танлов асосида ишга саралаб олинмоқда. Талабимиз ва истагимиз эса битта, у ҳам бўлса, ўқитувчилар замон талаблари асосида фикрлаш ва ёшларга сабоқ бериш кўникмасига эга бўлсин.

Ҳақиқий педагог йиллар давомида ўз обрўси учун меҳнат қилади, доимо олдинга интилиб, такомиллашиб боради. Машҳур педагог Ян Амос Коменский: “Ўқитувчилик — Ер юзидаги ҳар қандай касбдан кўра юқорироқ турадиган жуда фахрли касб” эканлигини таъкидлайди. Ўқитувчи образини тасвирлар экан, унинг шахсида қуйидаги фазилатлар бўлиши мақсадга мувофиқлигига урғу беради: виждонли, ишчан, саботли, ахлоқли, ўз ишини севувчи, ўқувчиларга оталаридек муомала қилувчи, уларда билимга ҳавас уйғотувчи, ёшларни ортидан эргаштирувчи ва ўз эътиқодига эга бўлган шахс. Бизнинг ниятимиз ана шу эзгу хислатларни ўзида камолга етказган педагогларни етиштиришдир.

Таъкидлаш жоизки, ўтган ўқув йилида олийгоҳда зарурий жиҳозлар ва лабораторияларга бўлган эҳтиёжлар тўлиқ ўрганиб чиқилди. Биология ва кимё, технологик таълим йўналишларининг ўқув лабораторияларига Осиё тараққиёт банкининг 45 минг долларлик маблағлари ҳисобидан лаборатория жиҳозлари келтирилди. Ўтган ўқув йилида биз асосий эътиборни олийгоҳнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратдик. Жорий мавсумда ҳам ушбу ишлар давом эттирилади. Ўқув биноларимизнинг сони янада ортади. 

Айтмоқчи бўлганим, физика ва технологик таълим факультети талабалари учун икки қаватли ўқув биноси ҳамда Сўлоқли маҳалласида тарих факультети талабалари учун янги 120 ўринли маърузалар зали биносини барпо этишни мақсад қилганмиз. Давлат-хусусий шериклик асосида 600 ўринли талабалар тураржойи қад ростлайди. Бундан ташқари, 2023 йилда университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан яна 600 ўринли талабалар тураржойи барпо этилиши режалаштирилди. Буларнинг барчаси талабаларимизнинг яхши шароитларда ўқиб, илм олишларига хизмат қилади.

Педагогика университети олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — ҳақиқий жонкуяр, билимли кадрларни етказиб бериш. Шу боис ўқув тизимига етакчи хорижий олий таълим муассасалари тажрибасини жорий қилишни кўзлаганмиз. Фаолиятимизда хорижий олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиб, ўзаро тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтгача қатор хорижий олийгоҳларнинг бу борадаги тажрибаси яқиндан ўрганилди. 

Шунингдек, Россия, Буюк Британия, Беларусь каби давлатлардаги олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз ва яна кўплаб илғор олий ўқув юртлари билан алоқа ўрнатишни режалаштирганмиз. Профессор-ўқитувчиларимиз тажриба алмашиш мақсадида хорижда бўлиб қайтишмоқда. 2022 йилда 20 нафарга яқин ўқитувчилар Россия, Буюк Британия каби давлатларда илмий педагогик стажировкада бўлиб қайтишди.

Олийгоҳда таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётлар яратиш, талабалар ва ёш мутахассисларни жалб этган ҳолда фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, таълим тизимига етакчи хорижий таълим ташкилотлари тажрибасини жорий қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Келажакдаги режаларимиздан яна бири — истиқболли битирувчиларни хорижий олий таълим муассасаларига ва илмий-тадқиқот марказларига тегишлича бакалавриат, магистратура ҳамда докторантурада ўқишга юбориш орқали университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини янада ошириш, педагогик технологиялар ва ўқитиш услубларини такомиллаштиришдир.

Ишонч билан айтиш мумкинки, бугун олийгоҳимиз юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркиби, замонавий таълим технологиялари, инновацион таълим дастурлари, жумладан, етакчи хорижий университетлар билан 2+2, 3+1 каби қўшма дастурларини жорий этиш орқали ўзига хос фазилатларга эга бўлган замонавий таълим муассасаларидан бирига айланмоқда.

Сифат, масъулият, рақобат бўлмаса, таълим масканлари ҳам замон билан бирга ривожланмаса, кутилган натижага эришиш қийин. Айни пайтда Жиззах давлат педагогика университетида 4+2 дастури асосида ўқиш йўлга қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлайди. Бўлажак педагоглар ҳафтанинг тўрт кунида олийгоҳда педагогика, психология, умумтаълим фанлари бўйича зарурий билимларни ўзлаштирса, эгалланган билимларни икки кун мактаб амалиётида қўллаш орқали касбий лаёқатга эга бўлмоқда. Университет тўлиқ кредит-модуль тизими асосида ўқув жараёнини давом эттирмоқда.

Педагогика йўналишида таълим олаётган талабалар мактабда амалиёт ўташи учун медиасаводхонликка ҳам эга бўлиши талаб қилинади. Шу мақсадда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, бўлажак педагогларда ахборот-коммуникатив ва рақамли компетенцияни шакллантиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Университетда мобиль методик гуруҳлар ҳам шакллантирилган. Ушбу гуруҳларнинг мақсади — умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг методик, ижтимоий-педагогик ва психологик компетентлигини ривожлантириш. 

Мобиль методик гуруҳлар Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманларидаги мактабларда бўлишиб, таълим масканида фаолият олиб бораётган она тили ва адабиёт, чет тиллар, тарих, математика, физика, кимё, биология ва география фан ўқитувчиларининг билимини диагностикадан ўтказиб, аниқланган бўшлиқларни бартараф этиш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этмоқда. 

“Узлуксиз касбий ривожланиш” платформаси орқали педагогик компетенцияларнинг даражасини оширишга, ўқитувчиларни илғор методикалар ва инновацияларга ўргатишга, ўқувчиларни олий ва касбий таълимга йўналтиришга қаратилган тарғибот ишларини йўлга қўйишди.

Президентимиз Мурожаатномада ўқитувчи ва мураббийларнинг обрўси жойига қўйилса, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ва олийгоҳларда сифат ўзгаришлари амалга оширилса бутун ҳаракатларимиз икки-уч карра самара беришини айтиб ўтди.

Ҳақиқатан ҳам, таълим сифатини ошириш янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. Зеро, таълими юксалган мамлакатда билимли мутахассислар камолга етади. Етук кадрлар эса ривожланишда ҳал қилувчи кучдир.

Шавкат ШАРИПОВ,

Жиззах давлат педагогика университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер