Эътирозларга сабаб бўлган ОШП биноси замонавий қиёфа касб этди

12:12 12 Ноябрь 2024 Жамият
220 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Ғузор туманидаги “Қовчин” оилавий шифокорлик пункти кўп йиллардан буён ниҳоятда таъмирталаб аҳволга келиб қолгани сабабли маҳалла аҳли эътирозларига сабаб бўлганди.

Жорий йилда мазкур тиббиёт муассасасини таъмирлаш учун Республика бюджетидан 4 миллиард 414 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, ОШП биноси замонавий кўринишга келтирилди.

— Муассасамиз Қовчин ва Зарбдор маҳаллаларидаги 11 мингдан ошиқ аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатади, — дейди “Соғлом турмуш” медали соҳибаси Дилбар Ўжарова. — Бугун яратилган шароитларни кўриб, кўзимиз қувнайди.

Бинода оилавий шифокорлик пункти, 10 ўринли кундузги стационар, тез ёрдам шохобчаси, алоҳида эмлаш, лаборатория, муолажа, гинекология, стоматология хоналари мавжуд бўлиб, барча зарур тиббий воситалар билан таъминланган.

Тиббиёт ходимлари куни байрами арафасида мазкур тиббиёт муассасасининг янгиланган биносининг фойдаланишга топширилиши маҳалла аҳли учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар бугун мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар, яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтишди. Қишлоқ аҳлини янги тиббиёт муассасаси билан қутлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?