Эшбек тракторчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими бўлди

09:52 02 Сентябр 2021 Жамият
1040 0

Бу ҳақда Эшбек аканинг ўзи қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Аслида болалигимдан санъатга меҳрим ўзгача бўлган. Аммо, ўтган асрнинг 80 йилларида ўзим истаган йўналиш бўйича олий ўқув юртига киришнинг имкони бўлмади. Жиззахдаги қишлоқ хўжалик техникумини тамомлаб, 10 йилга яқин «совхоз»да тракторчи бўлиб ишлашга мажбур бўлдим. Аммо санъаткор бўлиш орзуимдан кечмадим.

Тракторчиликдан косам оқармаслигини билгач ўзим туғилиб ўсган Булунғурга қайтдим. Бир муддат тумандаги касб-ҳунар билим юртида мутахассислигим бўйича ўқитувчи, кейинчалик собиқ «Комсомол» ёшлар ташкилотида котиб бўлиб ишладим. Шу билан бирга туман маданият бўлимига қарашли «Чавқи» фольклор-этнографик ансамблида ҳаваскор иштирокчи сифатида фаолият олиб бордим. Истеъдодимми, жамоат ишларидаги фаоллигимми устозларимга маъқул бўлиб, олий маълумотли бўлмасам ҳам улар ишонч билдириб, мени жамоага ишга таклиф этишди. Бу ҳаётимдаги энг катта муваффақиятларимдан бири эди. Бу ишончни оқлашни мақсад қилиб, ишга киришдим. Ансамблни ташкил этган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сувонқул Абдуқодиров, компазицияли дастурлар муаллифи Мелибой Раҳимов каби устозлар этагидан тутиб, жон-жаҳдим билан ишладим. Жамоамиз республика ва халқаро фестивалларда фахрли ўринларни олди.

Тўғриси, устозларим томонидан билдирилган ишончдан илҳомланиб, ижод қилдим. Тоғма-тоғ юриб, чекка қишлоқларда яшовчи кайвонилардан мақоллар йиғдим. Уларни шеърга солдим. Янги қўшиқлар яратдим. Жамоамиз республикамизнинг асосий байрам тадбирларида чиқиш қилиб, нуфузи ортиб борди.

Озми - кўпми хизматларим учун 2014 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. Бу менга янада куч-ғайрат бағишлади. Ансамбль репертуарини бойитишда давом этдим. Аудио ва видео дастурлар тайёрлатиб, телерадиоканалларга тақдим этдим. Жамоамизнинг ижодий ишлари Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Олтин фонд»идан жой олди. Шу йилдан бошлаб, жамоага бадиий раҳбарлик қила бошладим. Келгусида ансамбль ишини давом эттириш учун «Чавқи» болалар жамоасини ҳам ташкил этдик.

2018 йилда мақом асосида ёзилган қўшиқларимиз билан яна бир нуфузли «Энг яхши экспедиция илмий тарғиботчиси» республика кўрик танловида қатнашиб, 2-ўринни эгалладик.

Мана Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Президентимизнинг фармонига асосан, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан тақдирландим.

Ким ўйлабди, бир пайтлар тракторчи бўлган йигит Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими бўлади, деб. Бу жуда улкан ишонч. Бу мамлакатимизда санъатга қаратилаётган эътибор маҳсули. Устозларим ва ҳамкасбларим олий маълумотли бўлмаганлигимни юзимга солмаслиги учун ҳам интилдим, хато қилмасликка уриндим. Ўргандим, ўқидим, изландим. Ўқимишлилардан кам бўлмасликка ҳаракат қилдим.

Шундай қилиб, бундан 30-40 йил аввал тракторчи бўлган булунғурлик Эшбек Нормуродов бугун ана шундай юксак унвонга сазовор бўлди. Бу осон кечмади албатта. Қизиқчи Ҳожибой Тожибоев айтганидек, тракторчиларнинг замони келгандаям, эски касбимга қайтмадим.

Эшбек Нормуродов,
Булунғур туманидаги «Чавқи» фольклор-этнографик
ансамбли бадиий раҳбари,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?