Эрондаги ўзбекистонликлар Туркманистон ва Озарбайжон орқали эвакуация қилинди

09:49 16 Июнь 2025 Жамият
102 0

Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши муносабати билан мамлакатдаги хорижий дипломатлар, уларнинг оила аъзолари ва бошқа фуқаролар Туркманистон орқали эвакуация қилинди. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Унда айтилишича, Туркманистон эвакуация ишларини зудлик билан ташкил этиш мақсадида ўз ҳудудини тақдим этган ва зарур чоралар кўрган.

Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа давлатлардан 120 нафарга яқин фуқаро Туркманистон давлат чегарасини назорат-ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтган. Уларга транспорт воситалари, овқат, меҳмонхона ва зарур кундалик эҳтиёжлар билан ёрдам кўрсатилган.

«Гуманитар ёрдам доирасида Туркманистоннинг тегишли давлат идоралари хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ишламоқда. Туркманистон БМТ Бош ассамблеяси томонидан ўз ташаббуси билан эълон қилинган «Халқаро тинчлик ва ишонч» йилида инсонпарварлик, халқаро ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига содиқ эканини таъкидлади», — дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурхановнинг маълум қилишича, бугун, 16 июнь ҳолатига кўра, 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Эрон ҳудудидан Туркманистон ва Озарбайжон орқали муваффақиятли эвакуация қилинган.

«Мазкур жараёнда яқиндан кўмак берган Туркманистон, Озарбайжон ва Эронлик ҳамкасбларимизга чуқур миннатдорлик билдирамиз. Фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча зарур чоралар кўрилмоқда. Эрон ва Исроилдаги элчихоналаримиз 24/7 режимида фаолият юритмоқда», — дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Бундан ташқари, айни пайтда ушбу давлатларда бўлиб турган фуқароларимизга хавфсиз жойларда бўлиш, расмий ахборотларни доимий равишда кузатиб бориш ва элчихоналаримиз билан алоқада бўлиш тавсия этилган.

Эрондаги Элчихонамиз алоқа маълумотлари:

  • Телефон: +98 (21) 22299780, 22832025
  • Электрон почта: iri.uzembassy@mfa.uz

Исроилдаги Элчихонамиз алоқа маълумотлари:

  • Телефон: +972 (3) 672-2466, 672-2371, 758-5075, 758-5076

Шошилинч хабарлар учун:

  • +972 (54) 485-1397
  • Электрон почта: il.uzembassy@mfa.uz

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?