Эрондаги намойишларда 36 киши ҳалок бўлди
Эронда 2025 йилнинг 28 декабрь куни бошланган оммавий намойишлар мамлакатдаги сиёсий вазиятни борган сари кескинлаштириб юбормоқда. АҚШда жойлашган Human Rights Activists News Agency (HRANA) маълумотига кўра, шу пайтга қадар камида 36 нафар намойишчи ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши эса ҳукумат кучлари томонидан ушлаб кетилган. Намойишлар мамлакат бўйлаб 100 дан ортиқ шаҳар ва туманларни қамраб олган.
Кўчаларга чиққан эронликлар ҳукуматга қарши шиорлар айтиб, кенгроқ ҳуқуқ ва эркинликларни талаб қилмоқда. Бу намойишлар 2022–2023 йилларда 22 ёшли Маҳса Аминининг вафотидан кейин бошланган “Аёл, ҳаёт, озодлик” ҳаракатидан сўнг режимга қарши энг йирик чиқишлар сифатида баҳоланмоқда. Намойишчилар Эрон ислом республикаси тизимини ағдариш ва туб ўзгаришларни талаб қилмоқда.
Намойишлар авж олишига собиқ Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг АҚШда истиқомат қилаётган ўғли — валияҳд шаҳзода Ризо Паҳлавийнинг мурожаати ҳам туртки бўлди. У аҳолини 8-9 январь кунлари маҳаллий вақт билан соат 20:00 да шиорлар айтиб, кўчага чиқишга чақирди. Associated Press агентлигига кўра, шу чақириқлардан сўнг Эронда интернет ва телефон алоқаси узиб қўйилган.
Намойишларнинг дастлабки сабаби сифатида инфляция ва иқтисодий инқироз кўрсатилмоқда. Эрон риали қадри йиллар давомида кескин пасайиб, 2016 йил июлида 1 доллар 34 минг риал бўлган бўлса, 2020 йил майига келиб 165 минг риалга тушган. Жорий ҳафта ҳолатига кўра, доллар курси тахминан 1,5 миллион риалга етган. Намойишларда талабалар, аёллар ҳамда курд ва турк этник гуруҳларига мансуб фуқаролар ҳам фаол иштирок этмоқда.
HRANA маълумотларига кўра, хавфсизлик кучлари намойишлар марказларидан бири бўлган Илoм шаҳридаги шифохонага бостириб кирган. Гувоҳларнинг айтишича, ярадор намойишчилар олиб кетилган, ҳалок бўлганлар жасадларини ҳам шифохонадан чиқаришга уриниш бўлган. Amnesty Iran бу ҳаракатларни кескин қоралаб, ҳукуматни намойишчиларга нисбатан ноқонуний куч ишлатишни тўхтатишга чақирган. АҚШ Давлат департаменти ҳам шифохонага қилинган ҳужумни “жиноят” деб баҳолаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг