Эрон қисқа масофали ракеталарини Россияга сотмоқчи

13:11 10 Май 2025 Дунё
231 0

Эрон яқин кунларда Россияга қисқа масофали «Fath-360» баллистик ракеталари учун учириш қурилмаларини етказиб беришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги Ғарбий хавфсизлик ходимлари ва минтақавий расмийларга таяниб хабар берди.

Уларнинг айтишича, бу етказиб бериш деярли муқаррар бўлиб, Россия армиясининг Украина билан урушдаги имкониятларини янада кучайтириши кутиляпти. «Fath-360» ракеталари 120 километргача бўлган масофадаги нишонларга зарба бера олади ва бу уларни Украина чегарасига яқин ҳудудларда қўллаш имконини беради.

Ушбу ракеталар ўзининг юқори аниқлик даражаси, қисқа учиш вақти ҳамда минимал тайёргарлик билан тез ишга туширилиши билан ажралиб туради. Бу эса Россия кучларига тезкор ҳужумлар уюштиришда муҳим устунлик беради.

«Reuters» экспертларига кўра, бу қуроллар Украина ҳарбий нишонлари ва инфратузилмасига қарши кучли босим сифатида хизмат қилиши мумкин. АҚШ, Украина ва Европа Иттифоқи расмийлари илгари ҳам Эрон Россияга минглаб дронлар ва артиллерия снарядларини етказиб берганини билдирган эди, бироқ Эрон ва Россия бу айбловларни инкор этиб келмоқда.

2024 йил сентябрь ойида АҚШ Эрон ракеталарни Россияга тўққизта рус байроғи остидаги кемалар орқали юборганини маълум қилган. Бироқ ўшанда учириш қурилмалари етказилмагани айтилган эди. «Reuters» манбаларига кўра, бу қурилмалар орқали Россия ўзининг илғор ракеталари, масалан, «Iskander»ларни муҳим стратегик нишонлар учун тежаб қолишга эришади.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти олими Фабиан Хинтснинг таъкидлашича, «Fath-360» тизимлари ишга тушириш учун кам вақт талаб қилади ва жуда қисқа учиш масофасига эга. Бу эса Украинадаги ҳаво мудофаасининг уларни аниқлаб, зарарсизлантириш имкониятини чеклайди. Нидерландиянинг ҳарбий академияси дотсенти Ралф Савелсберг эса бу ракеталар оддий тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар томонидан ҳам бошқарилиши мумкинлигини айтиб, уларни Россия учун қулай восита сифатида баҳолаган.

Шундай қилиб, «Fath-360» ракеталари учун учириш қурилмаларининг Россияга топширилиши Украина урушида куч мувозанатини ўзгартириб юбориши мумкин. Бу жараён Россиянинг ҳарбий босимини кучайтириши, Украина ҳаво мудофаа тизимларига ортиқча юк бўлиши, шунингдек, халқаро миқёсда Россия–Эрон ҳарбий алоқаларининг кучайганидан далолат беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?