Эрон аёллар термаси футболчилари жамоа базасидан қочиб кетди

10:06 10 Март 2026 Спорт
203 0

Футбол бўйича Эрон Ислом Республикаси аёллар терма жамоасининг 5 нафар футболчиси жамоа базасидан қочиб кетди. Бу ҳақда «The Athletic» нашри хабар берди.

Маълумки, айни пайтда Австралияда аёллар терма жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионати мусобақаси бўлиб ўтмоқда. 8 март куни мусобақадаги сўнгги ўйинини Филиппин терма жамоасига қарши ўтказган Эрон термаси ушбу ўйинда 2:0 ҳисобида мағлубиятга учраган ҳолда турнирни сўнгги ўринда якунлади.

Жамоа дастлабки турда мамлакатда бўлаётган сиёсий ҳолатдан норози эканлигини билдириш учун мамлакат мадҳиясини айтишдан бош тортганди. Бу воқеадан сўнг Эрон давлат телевидениеси бошловчиси Муҳаммад Ризо Шаҳбози Осиё кубогининг бир ўйинида давлат мадҳиясини куйламаган футболчи аёлларни танқид қилиб, «Уруш пайтида хиёнаткорлар билан янада қаттиқроқ муомала қилиш керак», — деганди.

Шундан кейин FIFPro (профессионал футболчиларнинг халқаро касаба уюшмаси) ФИФА ва ОФКдан эронлик футболчилар хавфсизлигини таъминлашни сўради.

«The Athletic» нашрида ёзилишича, ФИФА, ОФК ва Австралия ҳукумати Эрон аёллар жамоасининг мамлакатда қолиш муддатини хавфсизлик мақсадида узайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Ҳозирча жамоа учун қайтиш рейси брон қилинмаган.

Шунингдек, терма жамоанинг 5 нафар футболчиси клуб базасидан қочиб кетган ва бунга полиция ходимлари ёрдам берган. Айни пайтда қочиб кетган футболчилар Австралия федерал полицияси назоратида хавфсиз жойда сақланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?