Эндиликда автобусдан метрога ёки метродан автобусга ўтишда тариф 30 фоизгача арзонлашади

17:23 24 Февраль 2023 Жамият
658 0

Маълумки, бугунги кунда юртимизда демографик ўсиш, ёшларнинг активлиги (кунлик ўқиш ва ишларга), аҳоли ҳаракатчанлиги кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Натижасида йўловчи ташишга бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжни сифатли, қулай ва хавфсиз жамоат транспорти хизматлари таклиф этиш орқали тўлиқ қондириш йўлларда транспорт сонини кескин ошиб кетишининг олдини оладиган муҳим омиллардан ҳисобланади.

Ушбу йўналишда жамоат транспорти жозибадорлигини оширишда иккита асосий кўрсаткич: вақт ва нарх аҳоли танловида ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Шахсий транспорт ёки таксида манзилга етиб борадиган аҳоли учун барқарор жамоат транспортида ижтимоий тарифлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали жамоат транспортининг устуворлиги таъминланади.

Бунда вақт кўрсаткичи бўйича устуворлик ҳамда жамоат транспорти барқарорлигини таъминлаш, автобусларга алоҳида йўлак орқали тўсиқсиз ҳаракатланиш имконини бериш, чорраҳаларда ҳаракатни ташкил этишда автобус йўлаклари учун алоҳида фазалар, йўлак ажратиш имконияти мавжуд бўлмаган чорраҳаларда автобусларнинг ҳаракат жадвалига мувофиқ яшил чироқ тамойилини жорий этиш, шунингдек, аҳоли гавжум объектларга пиёда кириш учун энг қулай жойларда бекатларни жойлаштириш каби тадбирлар тизимли равишда амалга оширилади.

Шу билан бирга жамоат транспорти тизимида мавжуд муаммолар, автобусларнинг эскирганлиги, етишмаслиги, йўналишлардаги пойгалар йўловчи учун курашда белгиланган жадвалларга риоя қилмаслик омиллари ҳозирги ташувларни молиялаштириш модели билан боғлиқ бўлиб, унда йўналишдан тушадиган тушумлар асосий мезон сифатида ишлаб келмоқда.

Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, «Брутто контракт» тизимининг жорий этилиши орқали ташувчилар йўлкира ҳақи тушумлари бўйича жавобгарликдан халос бўлган ҳолда ташувлар сифати ва ҳажми бўйича баҳоланадиган ва молиялаштириладиган тизимга ўтилади.

Бунда, ташувчи билан ҳисоб-китоблар шартнома шартлари асосида амалга оширилган қатновлар, ҳаракат таркиби сони, мунтазамлик, белгиланган интервалларга риоя этилиши каби шартлар бажарилганлиги бўйича баҳоланган ҳолда амалга оширилади.

Шартлар қисман бажарилган ёки бузилган ҳолатларда ташувчига тўланадиган маблағлар белгиланган шкала асосида камайтириб тўланади.

Ҳужжатга мувофиқ ҳар бир автобус йўналиши бўйича ташувчилар электрон тендер натижалари бўйича аниқланади. Тендер савдоларига чиқариладиган йўналиш қийматининг бошланғич нархи ҳар бир автобус йўналиши бўйича йўловчи ташиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда рентабелликнинг 10 фоиз миқдори инобатга олинган ҳолда, ҳар бир километр босиб ўтиладиган масофа учун шакллантирилади.

Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари қошида ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичлари бажарилишини мониторинг қилиш, бажарилган иш ҳажми ва сифатини аниқлаш ҳамда баҳолаш, йўлкира ҳақи тўланишини ва кўрсатилган хизматлар сифатини назорат қилиш учун автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизими ташкил этилади.

Жамоат транспортининг жозибадорлигини, йўналишларда барқарор ҳаракат тезлигини таъминлаш, аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида вақтга бириктирилган дифференциал тариф режалари апрель ойидан жорий этилади.

Бунда бир соат ичида автобусдан автобусга биринчи марта ўтиш 70 фоизгача арзонлашади. Иккинчи ва кейинги ўтишлар йўловчи учун бепул бўлади. Автобусдан метрога ёки метродан автобусга ўтишда тариф 30 фоизгача арзонлашади.

Шу билан бирга жамоат транспортидан кунлик актив фойдаланувчилар учун бир кунлик лимитсиз тарифлар жорий этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер