Энди суд қарорларининг қонунийлиги янги тартибда текширилади
Сўнгги йилларда одил судлов борасида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Хусусан, суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги
ПФ–6034-сонли Фармони ҳамда 2021 йил 12 январда қабул қилинган процессуал қонунларга асосан:
— туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
— апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
— Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш тартиблари жорий этилган эди.
Кейинги вақтларда судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги бор ҳақиқат, шундай экан ишларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқишнинг имконияти ҳам кескин камайди, бу эса судга мурожаат этувчи ҳар бир шахсда ҳақли эътирозларнинг кўпайишига сабаб бўлди.
Шунга кўра, суд қарорларини қайта кўриш институти бўйича ўтказилган таҳлиллар мазкур институтни янада такомиллаштириш заруратини кўрсатди.
Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда юқоридаги тартиб асосида кассация инстанциясида ишларни кўришни Олий суднинг ваколатига ўтказилиши суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилган тизимини вужудга келтириб, ўрта бўғин – вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланилишини чеклаб қўяётгандек эди, натижада эса шикоятдаги важлар атрофлича текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарорлари бекор қилиниб, ишларни қуйи судларга янгидан кўриш учун юбориш ҳолатлари ортиб борди, бу ҳолат ҳам фуқароларнинг эътироз ва сарсонгарчилигига сабаб бўлаётган эди.
Бундан ташқари, апелляция тартибида кўрилмаган ишларнинг келгусида кассация инстанциясида кўриб чиқилмаслиги суд процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини чеклаб қўяётган эди, боиси турли сабаблар билан суд ҳужжатининг устидан апелляция тартибида шикоят қила олмаган шахс кейинчалик шикоят қилишнинг қонунда белгиланган муддатини ўтказиб юбориши натижасида ўзи норози бўлган суд ҳужжати билан “келишиш”га мажбур эди.
Шу муносабат билан инсон ҳуқуқларининг ҳақиқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш механизмини янада такомиллаштириш ва янги тартибни жорий этиш зарурияти юзага келди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–11-сонли Фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш назарда тутилган эди.
Шунга кўра, Фуқаролик ва Иқтисодий процессуал кодексларига, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунлар Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил
1 августда қабул қилинди, 2023 йилнинг 27 октябрь куни Сенат томонидан маъқулланди.
Қонунлар билан жорий этилаётган суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибига кўра жорий йилнинг 1 январидан бошлаб:
— туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
— вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
— вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида, ўз навбатида, судлов ҳайъатлари томонидан кўрилган ишларни Раёсатда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
— апелляция ва кассация инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш назарда тутилди.
Энди тегишли туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган суд ҳужжати устидан берилган тафтиш шикояти (протести) тегишинча вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилади.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилган тегишли туманлараро, туман, шаҳар судларининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган суд ҳужжати устидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган тафтиш шикояти (протести) Олий суднинг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди тегишли судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжати устидан фақатгина Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан протест киритилиши мумкин бўлиб, ушбу протест Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўриб чиқилади. Бунда, ушбу мансабдор шахслар тафтиш тартибидаги протестни фақат қонунда кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан келтиришлари мумкин.
Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартиришлардан яна бири суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмаслиги белгиланганлиги бўлди. Бундай ҳолда, юқори инстанция суди қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу кодекснинг 118-моддасида белгиланган тартибда тақсимланишини кўрсатади. Мазкур ўзгартириш ишнинг мазмунига, қонуний ҳал этилишига таъсир қилмайдиган асос бўйича суд қарорлари бекор бўлиши натижасида фуқароларнинг сарсонгарчилиги келиб чиқиши ва моддий-маънавий ресурслари сарфланишини олдини олади.
Суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриш тартиб-таомилларининг такомиллаштирилиши қуйи судлар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш, адолатсиз суд қарори оқибатларини бартараф этиш билан бирга ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни шакллантириш, бу билан эса жамиятда одил судловга бўлган ишончни янада ошириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.
Сарвар Солиев,
Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг