Энди ўқитувчилар овоз йиғиб юришмайди(ми?)

13:38 16 Январь 2025 Ҳужжатлар
430 0

«Ташаббусли бюджет» жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисидаги Низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Янги тартибга кўра, ҳар йили туман ва шаҳарлар бюджетида 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағлар режалаштирилади ҳамда 10 тадан ортиқ лойиҳалар учун маблағлар туман ёки шаҳар аҳолисининг тегишли ҳудуднинг аҳоли сонидаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.

Шунингдек, ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтганлигини инобатга олган ҳолда 2025 йил 1-мавсумдан бошлаб молиявий мустақил бўлган Олий ўқув муассасаларининг «Ташаббусли бюджет» жараёнларида иштирок этишига рухсат берилмайди.

Бундан ташқари, эндиликда маблағлардан самарали фойдаланиш ҳамда ижтимоий муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида «Ташаббусли бюджет» жараёни доирасида ташкилотлар томонидан барча турдаги автомобиллар, жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид жиҳозлар (радар, жамоат жойларидаги кузатув камералари, светофорлар), раҳбар ходимлар учун мебель жиҳозларини харид қилиш ҳам таъқиқланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 2025 йил учун Очиқ бюджет лойиҳалари тақвими тасдиқланган эди.

Унга кўра, «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсумига 1 февраль куни старт берилади. Биринчи мавсум ғолиблари 21 март куни эълон қилинади. Биринчи мавсум 48 кун давом этади.

«Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсуми 15 июлда бошланади ва 30 кун давом этади. Иккинчи мавсум ғолиблари 1 сентябрь куни эълон қилиниши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?