Элларни элларга, дилларни дилларга боғлаган шеърият байрами

12:04 28 Ноябрь 2024 Маданият
841 0

Раҳматжон БОБОЖОНОВ/“Халқ сўзи”. Айни кунларда пойтахтимизда туркий тилли мамлакатлар ижодкорларини ўзида жамлаган катта адабиёт байрами — “XVI халқаро туркий шеърият фестивали” бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда қардош ўлкалардан ташриф буюрган 40 нафардан ортиқ ёзувчи-шоирлар, ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигига аъзо адабий ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятларда яшаб, ижод қилаётган бир гуруҳ мезбон қалам соҳиблари иштирок этмоқда.

Қайд этиш жоизки, мазкур халқаро анжуман 1992 йилдан буён ўтказиб келинади ва юртимизда илк бор ташкил этилмоқда. Фестивал шу пайтгача Туркиянинг Бурса ва Кўня, Қозоғистоннинг Олмаота, Туркманистоннинг Ашхобод, Қибриснинг Гирна, Франциянинг Страсбург, Македониянинг Ускуб, Озарбайжоннинг Боку, Косовонинг Призрен, Татаристоннинг Қозон, Қирғизистоннинг Бишкек, Қозоғистоннинг Туркистон, Болгариянинг Киржаали шаҳарларида бўлиб ўтган.

Ушбу шеърият байрами кенг жуғрофий маконда турли лаҳжаларда яратилаётган бой туркий адабиётнинг умумий тамойилларини яратиш, адабиёт аҳли ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, энг сара адабий асарларнинг туркий тилли мамлакатлар тилларига таржима қилинишини янада яхшилашни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани билан диққатга сазовор.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар бир фестивалда ҳакамлар эътирофига сазовор бўлган ижодкорлар туркий тилли мамлакатларнинг таниқли шоир-ёзувчилари номидаги “Замонавий туркий адабиётнинг энг яхши шоири/ёзувчиси” деган мукофот билан тақдирланади. Шу пайтга қадар бир қатор ўзбек ижодкорлари ҳам ушбу мукофотга сазовор бўлишган.

Кеча азим Тошкентда фестивалнинг илк куни старт олди. Эрта-тонгдан меҳмон ва мезбон ижодкорлар “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Улар боғда сайру саёҳат этиш билан бирга юртимизнинг уч минг йиллик тарихи билан янада яқиндан танишишди. Шунингдек, Адиблар хиёбонига қилинган саёҳат ҳам уларда катта таассурот қолдирди. Мамлакатимизда ижодкорларни руҳлантириш, улар учун зарур барча шароит ҳамда имкониятларни яратиш, ёш ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ва хайрли ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг анжуманлар залида тадбирнинг тантанали очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда тадбир мутасаддилари, меҳмон ижодкорлар сўзга чиқиб, ушбу фестивалнинг аҳамияти ҳақида тўхталди, хусусан, адабиёт дилларни дилларга, элларни элларга боғлайдиган кўприк экани, бугун инжа сўз санъати орқали халқларимиз ўртасидаги дўстлик янада мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

Тадбир давоми мушоирага уланди. Ҳар бир ижодкор ўз тилида шеърларидан ўқиди, улкан зални тўлдириб ўтирган қатнашчилар шеъриятнинг сирли оламига ғарқ бўлди. Якунда фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди, шунингдек, 3 нафар иштирокчи шеърият байрамининг махсус мукофоти билан тақдирланди. Хусусан, бу галги мукофотлардан бири атоқли ўзбек адиби Ғафур Ғулом номи билан аталган.

Умуман олганда, 26 — 30 ноябр кунлари бўлиб ўтаётган ушбу XVI халқаро туркий шеърият фестивали ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида муҳим аҳамият касб этишига шубҳа йўқ.

Фестивалнинг кейинги кунлари ҳам қизғин руҳда ўтади, албатта. Алалхусус, унинг доирасида ҳали бир-биридан қизиқарли адабий анжуманлар, давра суҳбатлари, мушоиралар, тақдимотлар, маърифий мулоқотлар ўтказилиши, меҳмонларни юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва қадамжоларига саёҳати уюштирилиши режалаштирилган.

Сўз — тадбир иштирокчиларига

Мусо Қозим АРИТСАН,

Туркия Ёзарлар бирлиги раиси:

— Туркий тилнинг улуғ шоири, маърифат ва маънавият хазинабони Ҳазрат Алишер Навоий юртидаги шеърият байрамида иштирок этаётганимдан беҳад мамнунман ва ғурурланаман ҳам.

Шеърият инсон қалбидаги туйғуларнинг энг гўзал ифодасидир. Бугун бизни шеър ишқи, ижод қилиш ва дўстлашиш завқи бир жойга тўплагани, бир-биримизга юзма-юз қилгани, айниқса, аҳамиятлидир.

Халқаро миқёсда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев адабиёт, маънавият ва маърифат ҳомийси, эзгулик, тинчлик, омонлик тарафдори сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас. Бугун бунга Тошкентда туриб, юртингиздаги адабий муҳит, ижодкорларга давлат раҳбари томонидан яратилаётган шароитлар билан танишиб шахсан гувоҳ бўлмоқдаман. Ўзбек ижодкорлари билан танишиб олаётган олам-олам ҳайратларимнинг ўзи алоҳида мавзу.

Шундай эътибор, меҳр-муҳаббат учун қардош ўзбек халқига миннатдорлик билдираман. Дўстлигимиз абадий бўлсин!

Улуғбек ЭШДАВЛАТ,

ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги раиси, шоир (Қозоғистон):

— Дунёда яқинлар, дўсту биродарлар дийдоридан ҳам яхшироқ, гўзалроқ ва мазмунлироқ нарса бўлмаса керак. Шу маънода, бугунги шеърият байрамини бир-бирини соғинган, талпинган туркий ўлкалар қалам соҳибларининг ижодий дийдорлашуви, десак, муболаға эмас.

Унутмаслик лозимки, аждодларимиз асрий маънавий-маърифий, адабий ришталар билан ўзаро боғланган. Бу муштаракликни, илдизларимиз нақадар кўҳналигини халқларимизнинг улуғ ижодкорлари асарларида яққол кўриш мумкин. Бугун тарихан сақланиб келаётган қардошлик ришталари янги даврга қадам қўймоқда, бунда шундай адабий тадбирларнинг ўрни беқиёс, албатта.

Ўзбек ижодкорлари, оға-иниларимизга катта раҳмат. Уларнинг самимийлиги, меҳмондўстлиги, бағрикенглигига кўз тегмасин. Қардошларимизни ўз юртимизда ҳам кутамиз, албатта келинг, қўноғимиз бўлинг!

Нигор ОРИФ,

шоир (Озарбайжон):

— Мен илк бор Ўзбекистонда бўлмоқдаман, бироқ, тўғрисини айтаман, ўзимни бу ерга ҳеч бегона ҳис қилганим йўқ. Ўзбек биродарларимиз меҳрию муҳаббати юзида балқиб турадиган, меҳмонга ўзгача иззат кўрсатадиган, худди юз йиллик қадрдонлардек суҳбатлашадиган ажойиб инсонлар экан.

Албатта, ушбу шеърият байрами мамлакатларимиз ўртасидаги адабий алоқалар ривожи йўлида катта аҳамиятга молик, чунки у орқали бир-биримизни янада яқиндан таниймиз, ижодимизга қулоқ тутамиз, келажакдаги ҳамкорликлар борасида фикрлашамиз. Бу борадаги ишлар аллақачонлар бошланиб бўлган, дерсиз, бироқ ишонингки, энди у янада ривожланади, янги уфқлар сари юз тутади.

Кун келиб Тошкентда ўтган дамларимиз, ушбу нуфузли анжуман берган ҳиссиётлар янги асарлар, шеъру достонларга илҳом бўлса не ажаб?! Зеро, ижодкор қалби меҳр кўрган жойини қумсайверади, уни сўзга солади, қоғозга туширади. Адабиёт, шеърият бизни ҳамиша бирлашишга даъват этиб турсин!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?