Елкангизга офтоб теккани рост бўлсин

15:47 05 Февраль 2026 Жамият
380 0

Халқаро бозорга чиқиши мумкин бўлган маҳсулотлар орасида Қошқайроннинг қандай ўрикларига талаб юқори. Водийда қошқайронликларни қуёшни елкасида кўтарган одамлар, дея таъриф беришади. Фарғонадаги саноқли ўрик бозорининг энг каттаси Риштонда. Мазаси тил ёрар бундай ўрик етиштиришда бу маҳалладагиларнинг олдига тушадигани йўқ. Айни пайтда маҳалладаги 350 гектар боғнинг салмоқли қисми ўрик боғи ҳисобланади. Дармондориларга бой ушбу мева табиий ҳолда турли усулда қуритилиб қадоқланади. Россия, Жанубий Корея, Япония, ҳатто АҚШ ва Европагача экспорт қилинмоқда.

Агар ўрик гуллаганда Қошқайронга келсангиз, эрта пишар ўрикзорлардаги гўзалликдан ҳайратга тушасиз. Яқин йилларгача маҳалла аҳли ёзнинг чангидан, қишнинг лойгарчилигидан юраги безиллаб қолганди. Болалар лой кўчалардан эски боғча ва мактабга қатнарди. Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги туфайли “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида бир неча маротаба ғолиб бўлиб, 10 км ички йўллар тўлиқ асфальт қилинди. Электр таъминоти яхшиланди, аҳоли томорқаси ва боғларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида 5 та тик қудуқ чиқарилиши таъминланди. “Қошқайрон маҳалла сервис компанияси” МЧЖ ташкил этилиб, шахсий томорқа эгаларига кўмаклашиш учун 20 дан ортиқ хизматлар йўлга қўйилди. Эндиликда чилангарлик, сантехника, томорқа ва боғ ерларига тракторда ишлов бериш, пайвандлаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

— Жорий йилда 736 та оилада 2206 нафар аҳоли истиқомат қилувчи масканни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришга ҳаракат қиляпмиз, — дейди маҳалла раиси Дилмурод Ҳамроев. — Кейинги уч йилда маҳалламизга давлат бюджетидан 20 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу кичкина маҳалла учун жуда катта рағбат, ғамхўрлик. Маҳалла ҳудудидаги 11-умумий ўрта таълим мактаби учун қўшимча ўқув биноси қуриб битказилди. Йиллар мобайнида эътибордан четда қолган 28-давлат мактабгача таълим ташкилоти Инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланди. Маҳалла кутубхонаси ташкил этилиб, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг дурдона асарлари билан жиҳозланди. Эзгу ташаббуслар доирасида ҳашар йўли билан маҳалладаги иккита кам таъминланган оила учун бежирим уй қуриб берилди. Маҳалламиздаги ташландиқ жойда замонавий мини маркет, сартарошхона иш бошлади. Умумий овқатланиш шохобчаси, фитнес клуб каби хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда.

Бугун маҳалладаги 60 га яқин хонадон томорқасида иссиқхоналар бунёд этилиб, помидор-бодринг, аччиқ қалампир, лимон етиштириш бўйича ҳам омилкорлик ошиб бормоқда. Бу борадаги ишлар кўламини янада ошириш мақсадида жорий йилда 60 та микролойиҳа ишлаб чиқилди.

– Қаровсиз қолган 35 сотих ерда Жанубий Корея тажрибаси бўйича замонавий иссиқхона барпо этдим, – дейди ёш тадбиркор Беҳруз Раҳимбердиев. – Март ойининг илк кунларида ҳосилни йиғиб олишга киришаман. Ўртача 150 тонна маҳсулотни хорижга экспорт қилишни мақсад қилганман. “Маҳалла еттилиги” кўмагида яна 20 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, бир неча тенгдошларимни ёнимга олмоқчиман. Маҳалла банкири тавсияси асосида 300 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Бундан руҳланган тадбиркорларимиз дунёга бўйлаяпти, боғбонлар илғор агротехнологиялар ёрдамида Осиё, Европадан келтирилган мевали дарахтларни экиб, интенсив боғларни кўпайтирмоқда. Янги мева навлари маҳаллийлаштириляпти. Қошқайронлик йигит-қизлар тиббиёт, ҳуқуқ, иқтисод, IT йўналишида мамлакатимизнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқимоқдалар. Аслида мақсадлар муштараклиги йўлида ҳамжиҳатлик бўлса, елкасига офтоб тегиб қаддини баланд кўтараётган қошқайронликларнинг орзулари ижобат бўлаверади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?