Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?

Оила — муқаддас қўрғон. У жамиятимизнинг таянчи, пойдевори. Оила ҳар бир халқнинг давомийлигини, миллий қадриятларини асраб қолувчи, янги авлодни дунёга келтириб, баркамол инсонни тарбияловчи маскандир.
Оила боши ота бўлса, она унинг тинчлигини таъминловчи, меҳр-муҳаббат улашувчи муҳтарам зотдир. Ватан остонадан бошланади. Демак, Ватанга муҳаббат оилада шаклланади. Одамнинг одамдек яшаши учун меҳр керак, муҳаббат керак. Бу туйғуни унга, аввало, она беради. Зеро, инсонни ҳайвондан, паррандаю даррандалардан фарқлаб турувчи жиҳат ҳам унинг қалб деган гавҳари борлигидадир. Бахтли оилалар бир-бирининг қалбидаги мана шу гавҳарни кўра билади, уни асрайди ва қадрлайди.
Минг афсуски, ҳаётимиз фаровонлашиб, одамларнинг яшаш шароити енгиллашган сари оилаларда ажралишлар кўпайиб боряпти. Бундай нохуш ҳолатларнинг 80 фоизи аёлларнинг ўз хонадонида қадр кўрмаётгани, муттасил камситилаётгани, ҳақоратланаётгани, калтакланаётгани туфайли юз бермоқда. Уларни асраб-авайлаш, ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш, айрим ҳолларда ҳаётини сақлаб қолиш учун ажрим қарорлари қабул қилинмоқда. Масалага чуқурроқ ёндашсак, ажралишларнинг кўпчилигига ўз уй-рўзғорини моддий таъминлашдан бўйин товлайдиган, аҳли аёлини моддий ва маънавий қўлламайдиган, фарзандларига ғамхўрлик кўрсатишни хоҳламайдиган эркаклар сабаб бўлаётганини кўрамиз.
Шарқ халқлари отага ниҳоятда катта ҳурмат билан қараган, уни эъзозлаган, оиланинг пойдевори, шоҳи, тарбия мактабининг устози деб билган ва ундан фахрланган. Оталар ҳам, албатта, шунга муносиб бўлишган.
Инсон ҳам бир буюк қалъадир. Агар у нураса, ўз ичидан емирилиб қулайди. Инсон деган мураккаб қалъанинг, энг аввало, пойдевори мустаҳкам бўлмоғи зарур. Инсонни инсон сифатида шакллантирадиган пойдевор бу тарбиядир. Ўғил бола учун тарбиянинг бошланғич нуқтаси ота ибратидан бошланади. Мард эркакларга хос ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик сингари фазилатлар, дангасалигу иккиюзламачилик каби иллатларга муросасизлик оилада оталар ибрати орқали сингдирилади.
Оилада аёл меҳру шафқат булоғи бўлиши билан бирга, ўзи ҳам меҳрга, мурувватга зор заифа ҳисобланади. Аёлни гулга ўхшатишади. Уни қуёшга менгзашади. Тошни ёриб чиққан майсага қиёслашади. Аммо, афсуски, “аёл” сўзи ёнига шу ўхшатишларни асло яқинлаштирмайдиган эркаклар ҳам бор. Улар — аёлнинг қалби борлигини унутган инсонлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларга қараб: “Аллоҳнинг наздида сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхшиларингиздир”, деганлари ривоят қилинади. Бу улуғ ҳақиқатни тан олмаганларни ким деб аташ мумкин?
Аёл ҳақида гапираётганимизда, ёзаётганимизда ёки тасвирлаётганимизда, аввало, унинг она эканини унутмаслигимиз керак. Агар айтаётган гапимиз бирор-бир аёлга калтак бўлиб тушса, ёзаётган ёзувимиз бирор-бир аёл бошига мағзава бўлиб тўкилса, чизаётган тасвиримиз унинг шарманда бўлишига хизмат қилса, воз кечиш керак бундай ишдан.
“Онасини севмаган, боласини ҳам севмайди”, “Онаси қошимда, боласи бошимда” деган гаплар бор. Ота завжасини севмаса, ўзиники бўлса-да, боласига меҳр бермаслигига кўп бор гувоҳ бўлдик. Бу муҳаббатсизликнинг борар йўли туманли ва гумонлики, адаштирмасдан қўймайди.
Ажрашаётган ота ўзининг пушти камаридан бўлган фарзандларни дунёга келтириб, уларга тунлари бедор оқ сут берган аёл — Аллоҳнинг омонати эканини ёддан чиқарган эркакдир. У эркак асло ўйламайди, қайғурмайдики, болалари билан кўчага ҳайдалаётган бечора аёл кечга бориб қай гўшадан қўним топади, бу гўдаклар нима еб, нима ичади, совуқдан, иссиқдан, етти ёт бегоналарнинг қаҳридан қандай ҳимояланади? Аёли, болалари бир ширин таомга зор, эшикма-эшик юрган эркакнинг томоғидан қандай егулик ўтадию, кўзига қандай уйқу келади?
Жамиятимизда бунчалар бағритош инсонлар қандай ва қачон пайдо бўлди? Албатта, илмсизликдан, жоҳилликдандир. Илмсизлик қаердан пайдо бўлади? Китобдан, газетадан, журналлардан йироқлашиш оқибатида юзага келади. Ёмонлардан ўрнак олишдан пайдо бўлади. Деярли ҳар куни телевидение экранларида, хусусий каналларда, ижтимоий тармоқларда рўзғорнинг ғори олдида тишини-тишига қўйиб чидаётган, борини ошириб, йўғини яшириб яшаётган оилали, фарзандли аёлни гоҳ жанжалкаш қайнона, гоҳ бевафо хотин, гоҳ енгилтак келин қиёфасида гавдалантираётган сериаллардан бошланади аёлга нисбатан ноинсоний муносабатлар.
Шундай сериалларга сценарий ёзиб берадиган бир “ижодкор”дан нима учун бунчалар бачкана нарсаларни ёзаётганини сўрадим. Унинг айтишича, тарбияга оид, қадриятларни улуғловчи, ватанпарварлик каби тушунчаларга йўғрилган сценарийлар кўп томошабин йиғмас экан. Сценарийда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар содир бўлса — томошабинлар “Вой, шунақа ҳам бўларканми?”, “Аёл бўла туриб, шунақа қиладими? Аёллар шунақами?” деб, қайта-қайта кўрсалар, сериалчиларнинг тили билан айтганда, қанчалик кўп “просмотр йиғса” — даромад шунча катта бўлар экан. Таниш қаламкаш, сценарийларни гонорар — қўшимча даромад учун ёзаётганини айтди. Битта сценарийси учун 800 минг сўм олар экан. Бир ойда 4 та ёзаркан, энди қанча олишини ҳисоблайверинг.
Экранларда намойиш этилаётган сценарий муаллифлари деярли ҳеч ким танимайдиган “ёзувчилар”. Суриштирсам, кўпчилиги ёзган сценарийси “просмотр” йиғиши учун ўзбек аёлига унинг тушига ҳам кирмаган ваҳшийликлар, беҳаёликларни ёпиштириб, аёлни маккора, енгилтак, ўғри, номуссиз, ҳаром нафси учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган зот қиёфасида тасвирлаб беришга тайёр экан.
Актёрлар эса бир кунига 500 мингдан 1 миллионгача, бир ҳафтада 3 миллионгача, агар бош ролларда чиқса, бундан ҳам кўпроқ пул олар экан. Телесериалларда жуда катта даромад канал, режиссёр ва унинг ижодий группасига тегишли бўлар экан. Демак, биз бир гуруҳ киночиларнинг чўнтагини деб, аёл образининг камситилишига, ҳақоратланишига томошабин бўлиб турибмиз. Натижада эркакларда аёл зотига нисбатан беписандлик, ҳатто нафрат ҳиссини уйғотадиган сериаллар кўпайиб кетди. Болам-чақам деб, тинкаси қуриб ишлаб келаётган аёлга меҳр кўрсатиб, қувват бўлиш ўрнига, уни ўтдан олиб сувга, сувдан олиб ўтга ташлаб, енгилтакликда айблаб, руҳини синдирадиган эркаклар ҳисобига ажралишлар кўпаймоқда.
Одамлар дастурхон ёнида, дам олиш соатларида, ҳатто меҳмон чақириб, меҳмонга борганда ҳам бир-бири билан сериалларда кўрган ажабтовур ваҳшийликлар ҳақида гаплашадиган, баҳслашадиган, оқибатда аёл зоти шунақа деб хулоса чиқарадиган бўлишди. Бу сериаллар оилаларнинг бузилишига, одамларнинг бир-биридан узоқлашишига, эркакларнинг аёлларни ёмон кўришига, улардан нафратланишига олиб келмоқда.
Бу сериаллар иродаси заиф одамларнинг ички дунёсига ҳужум қилмоқда. Уларда ички хотиржамлик йўқолди. Уларнинг руҳида бетартиблик, алғов-далғов бошланди. Кўпинча ажрашаётган эркак нима хоҳлаётганини ўзи ҳам тушунмайди. Ажрашгандан кейин қандай яшашини ҳам айтиб беролмайди. Руҳидаги бетартиблик унинг ҳаётини остин-устун қилиб юборади. У хотинидан, бахтсизлигидан, шикоят қилади. Бу омадсизликларда ёлғиз хотинини айбдор деб билади. Атрофида унинг фикрини маъқулловчилар ҳам топилади. Аслида, азиз оиласидан ажрашаётганда, эркакни “қўлтиғига пуфлаб”, “ажраш, ажраш” дея, қайсарлигини қўлловчилардан бирортаси бахтсиз кунларда унинг ёнида қолмайди. Аксинча, бир неча кун ўтиб, унинг ўзини аҳмоққа чиқаради. “Фариштадек аёлидан, гулдек фарзандларидан ажрашиб, хор бўлиб юришини кўринг” дея, устидан кулишади.
Экранда тасвирланаётган ҳар қандай иллюзиялар аёлга нисбатан ҳурматсизлик келтириб чиқаришининг ўзиёқ жамиятда жаҳолат ошишига олиб келмоқда. Бу мантиқсиз сериаллар даҳшатли офат кабидир! Бир нечта сериалчиларни моддий бойитаётган бундай намойишлар бузғунчи жодугар каби бахтли оилаларга тажовуз қилиб, кўпинча ёвуз ниятига етмоқда. Бу ерда унга инсоннинг илмсизлиги, заиф нуқтаи назари, саводи ҳаминқадарлиги қўл келмоқда. Оилани бахтсиз қиладиган, оналар ва болаларга бефарқ бўладиган жоҳил қарашларни енгиш қийин эмас. Бунинг учун халқни маърифат билан тарбиялаш, керакли китобларни ўқишини таъминлаш ва бетутуриқ сериаллар намойишини тўхтатиш керак.
Асосан, сериаллар инсон қалбининг энг туб қатламларига бориб тақалиб, ундаги меҳр тушунчасини қаҳрга, ҳаёни беҳаёликка, бардошни бетоқатликка, қаноатни жиззакиликка алмаштиришга хизмат қилмоқда.
Инсон ички дунёсининг бузилиши зулматга бошлайди. Эрнинг ички дунёсидаги жарликка энг биринчи бўлиб унинг аёли ва болалари қулайди. Ва бу ўпқон бора-бора эркакнинг ўзини ҳам комига тортади.
Токи бундай сериаллар намойиши барҳам топмас экан, томошабиннинг ички дунёсидаги бетартиблик, бошбошдоқлик йўқолмас экан, инсон инсонийликдан йироқлашаверади. Оилаларда бахтсизлик, беҳаловатлик, умидсизлик, таркидунёчилик кўпаяди. Огоҳ бўлайлик, бу сериаллар ҳар кун хонадонимизга бостириб кирмоқда, орамизда яшамоқда. Бизга қарши юзма-юз турибди... Бу эртага бахт ва бахтсизлик, ҳаёт ва мамотнинг тўқнашуви бўлади. Бу сериаллар давом этар экан, олдимизда қаттиқ ва оғир имтиҳонлар бор.
Бугун пул учун оқибатини ўйламасдан ҳар қандай сериални суратга олишга тайёр ўша “ижодкорлар”га бир саволимиз бор: сиз Шарқ аёлининг табаррук бошига Ғарб беҳаёликлари ҳақидаги туҳмат мағзаваларини ағдаришни қачон бас қиласиз? Ўз манфаатингиз йўлида ақл, қалб, севги ва садоқатга таянадиган АЁЛ деган улуғ номни беқадр қилишга нима ҳаққингиз бор?
Ҳар бир аёл қалбида оналаргагина берилган муқаддас қадриятлар яшайди. Унутмайлик!
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг