Экокритика ва болалар адабиёти: экологик онгни шакллантириш масалалари
Бугун табиат ҳақида сўз очилар экан, дарахтлару ҳайвонлар эмас, инсоннинг ўзи – унинг виждони, қарашлари ва танловлари муҳокама марказига чиқмоқда. Чунки экологик инқироз деб аталаётган ҳодиса аслида табиатнинг эмас, инсон тафаккурининг инқирозидир. Инсон табиатни қандай кўрди, қандай тушунди ва қандай муносабатда бўлди – бугунги экологик муаммолар айнан шу саволларга берилган жавобларнинг натижасидир. Шу боис экологик онгни шакллантириш масаласи техник ечимлардан кўра чуқурроқ, маданий ва маънавий ёндашувни талаб қилади. Бу жараён эса энг аввало болаликдан, бола дунёни қандай идрок этишидан бошланади.
Болалар адабиёти ана шу нозик нуқтада беқиёс кучга эга. Бола табиатни биринчи марта илмий таъриф орқали эмас, эртакдаги ўрмон, ҳикоядаги қуш, шеърдаги ёмғир орқали таниб боради. У дарахтни «ресурс» сифатида эмас, сояси бор, паноҳ берадиган, баъзан эса дардини ичига ютиб турган мавжудот сифатида ҳис қилади. Айнан шу ҳиссий алоқа экологик онгнинг энг муҳим пойдеворини яратади. Чунки табиатни ҳис қилган бола унинг вайрон қилинишига бефарқ бўла олмайди.
Экокритика методологияси болалар адабиётига ана шу чуқур нигоҳ билан қарашни таклиф этади. Ушбу ёндашувда бадиий матн эстетик ҳодиса доирасидан чиқиб, инсон ва табиат муносабатларини акс эттирувчи концептуал маънавий матн сифатида талқин этилади. Экокритик таҳлил бадиий асарда табиат қандай тасвирлангани, у воқеалар ривожида қандай роль ўйнагани, қаҳрамонларнинг табиатга муносабати қандай оқибатларга олиб келганини кўрсатиб беради. Бу жараёнда табиат фон эмас, балки фаол иштирокчи сифатида намоён бўлади.
Айниқса, болалар адабиётида антропосентрик ва экосентрик қарашларни ажратиб кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади. Агар асарда табиат фақат инсон эҳтиёжларини қондириш учун мавжуддек тасвирланса, бола онгида «табиат менга хизмат қилади» деган яширин тасаввур шаклланади. Экокритик ёндашув эса болани бошқа йўлга бошлайди: инсон табиатнинг эгаси эмас, балки унинг бир бўлаги. Бу қараш болада масъулият ҳиссини буйруқ орқали эмас, ички эҳтиёж орқали уйғотади.
Болалар адабиётини ўқитишда табиатни шунчаки жонлантириш билан чекланиб қолмаслик лозим. Экокритик методология табиатни мустақил субъект сифатида кўришни талаб этади. Дарёнинг қуриши шунчаки манзара эмас; ўрмоннинг кесилиши фақат манзаранинг ўзгариши эмас – бу бутун ҳаёт тартибининг бузилишидир. Агар ўқитувчи буни матн орқали бола онгига етказа олса, адабиёт дарси ҳаёт дарсига айланади. Мазкур ёндашув экологик муаммоларни инсондан ташқаридаги ҳодиса сифатида эмас, балки унинг ички дунёси, қарашлари ва кундалик танловлари билан бевосита боғлиқ жараён сифатида талқин этади. Экокритика бу нуқтада инсонни табиатдан ажратиб қўймайди; аксинча, уни табиат билан бир маконда яшаётган, ҳар бир ҳаракати билан муҳитга таъсир кўрсатаётган тирик мавжудот сифатида кўрсатади. Бадиий асарда қаҳрамоннинг бепарволиги ёки очкўзлиги, ёхуд аксинча, эҳтиёткорлиги ва меҳр билан йўғрилган хатти-ҳаракати воқеалар оқимида қандай из қолдираётгани таҳлил қилинар экан, ўқувчи бу ҳолатларни бегона воқеа сифатида эмас, балки ўз ҳаётига яқин ҳолатлар сифатида қабул қила бошлайди. Шу жараёнда бола беихтиёр «мен бу вазиятда қандай йўл тутган бўлардим?» деган савол билан юзлашади. Бу савол эса экологик онгнинг шаклланаётганидан дарак берувчи энг муҳим белгидир.
Бугун экологик муаммоларни фақат технология ёрдамида ҳал этиш мумкин эмаслиги тобора аён бўлиб бормоқда. Қонунлар табиатни ҳимоя қилиши мумкин, аммо уни севишга ундай олмайди. Бу вазифани адабиёт бажара олади. Болалар адабиётини экокритика методологияси асосида ўқитиш – бу экологияни алоҳида мавзу сифатида эмас, ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида англатиш демакдир.
Табиатни асраш масаласи ҳамиша келажак ҳақида қайғуриш масаласи бўлиб келган. Келажак эса ёш авлод онгида шаклланади. Агар бола адабиёт орқали табиатни ҳис қилса, тушунса ва ҳурмат қила бошласа, у катта бўлганда экологияни ҳимоя қилишга мажбур бўлмайди – у буни табиий ҳол сифатида қабул қилади ва бу унинг табиат билан муносабатини белгиловчи энг барқарор мезонга айланади.
Меҳрибон Якубова,
Урганч давлат университети мустақил тадқиқотчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг