Экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб

14:17 14 Ноябрь 2024 Жамият
188 0

Одилбек Одамбоев/“Халқ сўзи”. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда экологик вазиятни янада яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришларига миллий ечим сифатидаги ноёб лойиҳа бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Айниқса, Оролбўйи минтақасида жойлашган Хоразм учун бу лойиҳанинг аҳамияти ниҳоятда катта. Кузги мавсумдан бошлаб, вилоятнинг барча ҳудудларида янги дарахт ва бута кўчатларини ўтқазишга киришилди.

— Ҳозирги кунда экишга тайёр бўлган салкам 15 млн дона кўчат захираси мавжуд. Манзилли дастурда белгиланган режани ортиғи билан бажариш учун барча имкониятлар етарли, — дейди вилоятдаги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Камолиддин Шерматов. — Кўчат етиштирувчи хўжаликлар, ободонлаштириш бошқармалари, Хоразм ўрмон хўжалигида минтақамиз тупроқ ва иқлим шароитига мос гужум, терак, тол, тут, япон сафораси, катальпа каби навларга мансуб манзарали дарахт кўчатлари етарли миқдорда тайёрланган.

Кўчатларни фақат экиб кетиш эмас, уларни парваришлаш, суғориш тизимини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Урганч-Шовот автомагистраль йўлининг икки томонига 6-8 қатор кўчат экилиб, янгича усулда суғориш тизими ташкил қилинди. Урганч шаҳрида Шовот каналининг иккала соҳилида ўзига хос ландшафт дизайни асосида яшил ҳудудлар, йирик саноат корхоналари жойлашган Саноатчилар кўчасида “Яшил белбоғ”лар яратилди. “Очиқ бюджет” порталидаги “Менинг боғим” лойиҳаси бўйича овоз бериш натижаларига кўра, 16 та янги боғ барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳалар учун Экология вазирлиги жамғармасидан 3,25 млрд сўм маблағ ажратилди.

— “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар асосий куч ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Одилбек Артиқов. — Янги ташкил этилган маҳалла боғларини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бириктириш орқали ҳам кўчатларни ўз вақтида парваришлаш, ҳам оилаларнинг даромадини ошириш мумкин. Вилоятимизда умумфойдаланувдаги 138 км йўлларнинг чеккаларини 200 нафар ишсиз аҳолига касаначилик асосида бириктириб бердик. Энди йўл чеккалари кўкаламзор, ҳар бир кўчат эгали бўлади.

Боғот туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган кўргазмали семинар ҳам нуронийлар, ёшларда дарахт экишга қизиқиш уйғотди. Тадбирдан сўнг иштирокчилар эзгу тилаклар билан кўчат экишга киришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер