ЕХҲТ кўмагида Ўзбекистон мутахассислари Испаниянинг жазони ижро этиш муассасаларини бошқариш тажрибасини ўрганди

10:57 26 Декабрь 2025 Жамият
123 0

XXI асрда қамоқхоналар ортида нималар содир бўлмоқда — у ерда инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий мослашув имконияти қандай таъминланмоқда? Ўзбекистон делегацияси ушбу масалаларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жазони ижро этиш муассасаларини бошқариш бўйича ривожланган ёндашувга эга Европа давлатларидан бири — Испания тажрибаси билан танишди.

Ўзбекистон делегациясининг Испанияга ташрифи 2025 йил 15-18 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Ташриф Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ва Тараққиёт ва одил судлов маркази ҳамкорликда ташкил этилди. Ўқув ташриф жараёнида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда мамлакатнинг жазони ижро этиш муассасалари раҳбарлари иштирок этди. Улар испан тизимининг амалда қандай ишлашини кўриш учун эркаклар ва аёллар қамоқхоналари ва полиция бўлимига ташриф буюрди.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик мутахассислар Испания Адлия вазирлиги, Жазони ижро этиш муассасалари Бош котибияти, Карлос III университетининг “Грегорио Печес-Барба” инсон ҳуқуқлари институти ҳамда Иберо-Америка халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик тармоғида учрашувлар ўтказди.

Делегация инсон марказида турган ёндашувга алоҳида эътибор қаратди. Испания тажрибасига мувофиқ, ҳар бир маҳкумни индивидуал баҳолаш механизмлари тақдим этилади: унинг хулқи, эҳтиёжлари ва имкониятлари инобатга олиниб, тегишли сақлаш режими ва қўллаб-қувватлаш дастурлари белгиланади.

Ўзбекистон делегацияси ўқув ва касбий тайёргарлик курслари, жамиятга қайта мослашиш дастурлари, шунингдек, мавжуд тиббий ва психологик ёрдам қандай берилишини ўрганди. Қамоқхона ходимлари маҳбуслар билан фаол ишлар олиб бориб, хавфсиз ва қўллаб-қувватловчи муҳит яратадилар ва бу ерда инсон муассаса деворлари ортида ривожланиш ва ҳаётга тайёргарлик кўриш имкониятларни йўқотмайди. Бундай ёндашув шуни кўрсатадики, қамоқхона нафақат изоляция жойи, балки инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган ва иккинчи имконият бериладиган макон ҳам бўлиши мумкин. Жазони ижро этиш муассасаларини бошқаришда гендерга сезгир ёндашувга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув ташрифи давомида ўзбек мутахассислари орттирган тажриба ва билимлар инсон ҳуқуқларига риоя этган ҳолда, халқаро стандартларга мувофиқ Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштиришда қўлланилиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?