Эй муҳаббат, чиндан сен сеҳркорсан

24 декабр — Ўзбекистон халқ ёзувчиси, болалар шоири Пўлат Мўмин таваллуд топган кун. Сана муносабати билан шоирнинг бир туркум шеърларидан эътиборингизга ҳавола этамиз.
КУЛДИ ХИЁЛ, ИНДАМАДИ
Эй гўзал, номинг на деб, бердим савол индамади,
Маҳлиё этди тамом офтобжамол, индамади.
Боғида танҳо ўзи гулми терар тонг чоғида?
Гулдайин кулган чирой бўлдими лол, индамади?
Боғини қилган экан санъатидан гулга макон,
Кокилин аста силаб ўтса шамол, индамади.
Қўлида гулдастасин менга берар деб ўйласам,
Бағрига босди гулин, кулди хиёл, индамади.
Дер эдим мен ўзима: «Беҳудага ташлама гап»,
Билмадим, ул ким ила айлар висол, индамади.
Ёрини таъриф этиб куйлар эди кўнглида ул,
Жавдирар эрди кўзи, сурди хаёл, индамади.
Кўнглида бошқа биров, севги вафодори яшар,
Шу сабаб Мўмин сўзим келди малол, индамади.
ЭЙ, МУҲАББАТ
(Хонанда Фахриддин Умаровга)
Эй, муҳаббат, шунчалар фусункорсан,
Эй, муҳаббат, оромбахш беғуборсан,
Эй, муҳаббат, гоҳида дилозорсан,
Эй, муҳаббат, қалбимда мудом борсан.
Муштоқдирман доимо меҳрингга мен,
Ҳар юракка туширган муҳрингга мен,
Лол қолганман кўрсатган сеҳрингга мен,
Эй, муҳаббат, чиндан сен сеҳркорсан.
Ўйламаган юракни ўйлатасан,
Ўйнамаган юракни ўйнатасан,
Сўйламаган тилни ҳам сўйлатасан,
Эй, муҳаббат, умримда бир баҳорсан.
Йўл қўясан баъзида хатога ҳам,
Баробарсан гадо-ю подшога ҳам,
Не кулфатлар солмадинг Лайлога ҳам,
Эй, муҳаббат, сен мисли ҳукмдорсан,
Истардим мен, дилларни куйдирмасанг,
Ҳижронларга асло йўл қўйдирмасанг,
Ошиқни ҳам жонидан тўйдирмасанг,
Эй, муҳаббат, малҳаму шифокорсан.
Битилганми бирорта қонун сенга,
Этай таъзим юрт учун ҳар кун сенга,
Даврим берган янгича мазмун сенга,
Эй, муҳаббат, Мўминга мададкорсан.
МЕН СЕВАМАН, СЕН…
Мен севаман, сен севасанми?
Мени йўқлаб боғ кезасанми?
Сўзларимдан ё безасанми?
Юрагимни ҳеч сезасанми, —
Мен севаман, сен севасанми?
Мафтунликда ўзим бўлиб кўр,
Жамолингни кўзим бўлиб кўр,
Дилимдаги сўзим бўлиб кўр,
Юрагимни ҳеч сезасанми, —
Мен севаман, сен севасанми?
Олиб кетар ҳар ён хаёлим,
Қандай тушди сенга саволим?
Гар севмасанг не кечар ҳолим?
Юрагимни ҳеч сезасанми, —
Мен севаман, сен севасанми?
Ҳар ким узар ёқтирган гулдан,
Сув ичади кўнгил кўнгилдан,
Юргин вафо кўрсатган йўлдан,
Юрагимни ҳеч сезасанми, —
Мен севаман, сен севасанми?
Жонон, сенга фақат зорим бор,
Зорим бору қўлда торим бор.
Вафо деган дил қарорим бор,
Юрагимни ҳеч сезасанми, —
Мен севаман, сен севасанми?
Кўнглинг бўлса тутмагил пинҳон,
Майли этгил минг бор имтиҳон,
Ўйлаб кўргин, ўйлаб кўр, жонон,
Юрагимни ҳеч сезасанми, —
Мен севаман, сен севасанми?
СИЗГА ТАЪЗИМ
Она юртим аълолари, сизга таъзим,
Жононлари, момолари, сизга таъзим,
Санъатимиз шайдолари, сизга таъзим,
Юрак торим ошнолари, сизга таъзим.
Қўшиқларим гулин терай изингиздан,
Илҳомландим саломингиз, сўзингиздан,
Ўқиб олдим маъноларни кўзингиздан,
Чаманзорим раънолари, сизга таъзим.
Бахтиёрсиз, бу бахтингиз этсин давом,
Мамнундирман бахш этолсам завқу ором,
Қайда бўлса ўзингизга этурсиз ром,
Ўлкам кўзи шаҳлолари, сизга таъзим.
Қўшиқларим ижодкори асли сизлар,
Севишганлар — мард йигитлар, жонон қизлар,
Қалбингиздан Мўмин доим қўшиқ излар,
Давронимиз донолари, сизга таъзим.
ОНАДИР УЛ, ОНАДИР…
Оналар бор олам қўшиқхонадир,
Оналарни мақтаса дил қонадир,
Фарзанд учун ким қувониб ёнадир?
Онадир ул, онадир ул, онадир.
Юрагидан янги юрак кўчирган,
Оқ сутига меҳрин қўшиб ичирган,
Гуноҳ қилса энг биринчи кечирган
Онадир ул, онадир ул, онадир.
Кулган чоғда гулларни ҳам кулдирган,
Йўқлаганда дарёларни тўлдирган,
Ҳеч қандайин бўлмаганни бўлдирган —
Онадир ул, онадир ул, онадир.
«Ортимда қол», деган улуғ дуода,
Фарзанд учун яшагувчи дунёда,
Жаҳонларни кеза олган пиёда —
Онадир ул, онадир ул, онадир.
Одамларнинг даврасида табаррук,
Табарруклар даврасида энг буюк,
Энг буюклар даврасида энг суюк —
Онадир ул, онадир ул, онадир.
Фарзандимга олам олтин олмаган,
Фарзанд учун чарчамаган-толмаган,
Фарзанд учун не кунларга қолмаган…
Онадир ул, онадир ул, онадир.
Она каби юртимиз ҳам бағри кенг,
Она меҳри қуёшларга келар тенг,
Мўминга ҳам кимлар илҳом берди денг?
Онадир ул, онадир ул, онадир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг