Эгасини кутаётган музей

16:43 19 Сентябр 2024 Жамият
314 0

Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган 80 та маданият марказидан 18 таси ўз биносига эга эмас. Ачинарли жиҳати шундаки, улардан аксариятининг моддий-техника базаси ҳаминқадар. Каттақўрғон тумани маданият бўлими фаолияти билан танишиб, бунга яна бир амин бўлдик.

Тумандаги 5 та маданият марказида ташкил этилган тўгаракларда 58 нафар ходим 600 нафардан зиёд ҳаваскорга мусиқа ва санъат сирларини ўргатиб келмоқда.

— Маданият тизимида 20 йилдан буён ишлайман, — дейди Каттақўрғон тумани маданият бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Илҳом Файзиев. — Рости, кейинги пайтда соҳага эътибор ошди. Бироқ узоқ йиллар давомида тизимда ҳал этилмаётган муаммолар бор. 27-маданият маркази биноси авария ҳолатида, 28, 29-маданият марказлари ўз биносига эга эмас. Ходимларнинг маоши кам, маданият марказларининг моддий-техника базаси ёмон ҳолатда. Масалан, оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ўтказиш учун овоз кучайтириш мосламалари, медиа аппаратлар, декорациялар учун кўргазмали воситалар керак бўлса, маданият ходимларига бундай тадбирларга жалб этилгани учун ҳақ тўланиши зарур. Шу каби муаммолар туфайли кўпчилик ходимлар ишдан бўшаб кетган. Ҳозир соҳада меҳнат қилаётган ходимларнинг бор-йўғи 12 нафари олий маълумотли.

Каттақўрғонда 50 дан зиёд архитектура ва археология объекти бор. Шундан 30 таси қониқарсиз, 4 таси эса авария ҳолатида.

Пайшанба шаҳарчасидаги 1791 йилда қурилган Муҳаммад Амири Нақиббек мадрасаси 1928 йилгача фаолият юритган. Кейин омборхонага айлантирилиб, қарийб бир асрдан бери қаровсиз қолдирилган. Ушбу тарихий обидада таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ўлкашунослик музейи ташкил этилган. Давлат муҳофазасига олинган обидадаги музей айни пайтда фаолият кўрсатмайди.

— Мадраса ҳовлисига пештоқли дарвозадан кириб борилади. Ҳовлида баланд айвон, масжид ва 16 та хона мавжуд, — дейди Илҳом Файзиев. — 2015 йилдан буён тарихий обидани сақлаб қолиш, таъмирлаш ва келажак авлодга етказиш учун ҳаракат қиляпмиз. Туманимизда яшовчи бир гуруҳ зиёлилар, меҳнат фахрийлари мадраса биносини асраш мақсадида маънавият ва маърифат марказига айлантириш ташаббуси билан чиқди. Бу таклиф вилоят ҳокимлиги томонидан маъқулланди. Мадраса негизида тарихий ўлкашунослик музейи ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди. 2019 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Мажмуада таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, зарур жиҳозлар ва тарихий ашёлар келтирилди, қадимийлик ва замонавийлик уйғунлигида безатилиб, 2022 йил якунида фойдаланишга топширилди. Айни пайтда музейда 3,5 мингта экспонат сақланади. Афсуски, музейда ушбу тарихий ашёларни асраб-авайлайдиган, келажак авлодга ўз ҳолича етказадиган ҳеч ким йўқ. Шу пайтгача штат бирлиги ажратилмаган. Бу борада тегишли ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилдик. Бироқ фойдаси бўлмади. Наҳотки, ўтмишимиз, ўзлигимиз акс этган даргоҳ, ота-боболаримиздан мерос муқаддас қадамжо ҳеч кимга керак бўлмаса?

Тарихсиз келажак йўқ, маданиятсиз жамият ривожланмайди. Каттақўрғон тумани ҳокимлиги, Самарқанд вилояти маданият ва маданий мерос бошқармалари масъуллари соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга киришади, деган умиддамиз.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?