Дунёнинг энг қиммат футбол клублар рейтинги эълон қилинди

11:29 18 Июль 2024 Иқтисодиёт
265 0

Фото: Goal.com

«Brand Finance» компанияси «2024 Football 50» — дунёнинг энг қиммат футбол клублари рейтингини эълон қилди. Унда Испаниянинг «Реал Мадрид» клубининг таркиби 1,842 миллиард еврога баҳоланиб, биринчи поғонани банд этди.

2023 йилда Англиянинг «Манчестер Сити» клуби ушбу рейтингда етакчилик қилган эди. Инглиз клубининг нархи тушмаган, балки кўтарилган. Аммо Килиан Мбаппенинг Мадридга кўчиб ўтиши рейтингда ўзгаришга сабаб бўлган.

Ҳозирда «Манчестер Сити» 1,7 миллиард билан иккинчи, «Барселона» эса 1,68 миллиард евро билан учинчи ўринда қайд этилган.

Мадрид клубининг таркиби ўтган йили 1,59 миллиард еврога баҳоланганди. «Реал Мадрид» 2010 йилдан бери кучли учликдан жой олиб келади ва бу мутлақ рекорддир.

Шунингдек, топ рўйхатда «Манчестер Юнайтед» (1,528 миллион), «Ливерпуль» (1,5 миллиард), «Бавария» (1,351 миллиард), ПСЖ (1,321 миллиард), «Арсенал» (1,089 миллиард), «Тоттенхэм» (949 миллион) ва «Челси» (915 миллион) бор.

Испания жамоаларидан «Атлетико Мадрид» 566 миллион евро билан 13-ўринни эгаллаб турибди. Шунингдек, 50 талик рўйхатда «Севиля», «Атлетик», «Бетис», «Валенсия» ва «Вильярреал» ҳам кирган.

«Brand Power» рейтингида ҳам «Реал Мадрид» ҳам 96,3 балл билан пешқадамлик қилмоқда. Ушбу рўйхатда «Ливерпуль» (93,7), «Манчестер Сити» (92,8) ва «Барселона» (92,7) клублари ҳам юқори ўринлардан жой олган. Бренд қиймати бренд эгаси уни очиқ бозорда лицензиялашдан оладиган иқтисодий фойдани ифодалайди. «Brand Power» эса бренднинг рақобатчиларга нисбатан номоддий кўрсаткичларда қанчалик яхши ишлашини назарда тутади.

Аввалроқ, Килиан Мбаппе «Реал Мадрид» футболчиси сифатида таништирилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?