Дунёни меҳр асрайди

19:02 04 Декабрь 2023 Жамият
171 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона шаҳридаги “Жасмин” тантаналар мажмуасида 3-декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятдаги ногиронлар, заиф эшитувчилар ва кўзи ожизлар жамияти ҳамда афғончилар ва чернобилчилар бирлашмасининг 320 нафардан зиёд аъзолари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда юртимизда имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш, уларга барча зарур шароитларни яратиб бериш, уларнинг соғлиги, таълим олиши ва бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Айни жараёнда “Инсон қадри учун” тамойили бош мезон бўлмоқда.

Тадбирда ўзларининг матонатли меҳнати, жамият ҳаётидаги фаол иштироки орқали барчага ўрнак бўлаётган ҳамюртларимиз номи алоҳида мамнуният билан эътироф этилди. Бир сафда фаол меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга совғалар улашилди.,

— Айни пайтда вилоятда 87 минг нафар ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги масъул ходими Шоҳидбек Аслонов. — Уларнинг 2 минг 970 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз яшайдиган кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар сифатида рўйхатга олинган бўлиб, 351 нафар ижтимоий ходимлар томонидан уйларида ижтимоий хизмат кўрсатиб келиняпти.

Шунингдек, вилоятда реабилитация қилишнинг техник воситалари ҳамда протез-ортопедия мосламаларига муҳтож шахсларни ушбу воситалар билан таъминлаш мақсадида 2 млрд. 870 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1720 нафар фуқаролар реабилитация техник воситалари ҳамда 454 нафар фуқаролар 874 дона протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди.

Шу билан бирга “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг озиқ-овқат, дори-дармон ва шахсий гигиена воситалари таъминоти учун 10 млрд. 143 млн. сўм бюджет маблағлари ажратилди. Ўз навбатида 1 млрд. 961 млн. сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак ва бошқа кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Яқинда вилоят ҳокимлиги томонидан барча Тиббий ижтимоий муассасаларга 35 та телевизор топширилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маблағлари ҳисобидан турли буюмлар харид қилиш учун 105 млн. сўм ажратиб берилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?