Дунёда йилига 4 миллионгача киши вабони юқтирмоқда — БМТ

15:40 27 Январь 2023 Дунё
1256 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти баёнотига кўра, дунё бўйича йилига 1,3 миллиондан 4 миллионгача киши вабо касаллигини юқтириб, улардан 143 минг нафари ҳаётдан кўз юммоқда.

Бу борадаги эпидемиологик вазият айниқса, Африкада ёмон. Хусусан, Малави давлатида ўтган йилдан бери вабо қурбонлари сони 1000 нафарга етди. 30621 кишига эса ушбу хавфли хасталик ташхиси қўйилган.

ЖССТ экспертларининг тан олишича, республикада вабо эпидемияси 20 йилдан ортиқ давом этмоқда. Бироқ ҳалигача бундай антирекорд кўрсаткич қайд этилмаган эди.

Айни пайтда энг кўп ўлим ҳолатлари мамлакатнинг икки йирик шаҳри — Лилонгве ва Блантирда кузатилмоқда. Шу туфайли таълим муассасалари фаолияти вақтинча тўхтатилган, жамоат жойлари, тураржой мавзелари ва савдо-сотиқ мажмуаларида эркин ҳаракатланиш чекланган.

Қолаверса, ўтган йил ноябрь ойида Малави аҳолиси ўртасида оммавий эмлаш кампаниясини кучайтириш учун БМТ томонидан қарийб 3 миллион доза вабога қарши вакциналар етказиб берилган ва улар мақсадли ишлатилган. Шунга қарамай, ҳозир мамлакатда касалланишлар сони ўсишда давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер