Дунёда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш кўрсаткичи сўнгги ўттиз йилдаги энг паст даражага тушди

18:38 16 Июль 2022 Дунё
1466 0

Фото: Иллюстратив фото

Кеча ЖССТ ва ЮНИCЕФ дунёда болалар саломатлигини жиддий хавф остида қолдираётган хавотирли ҳолат ҳақида қўшма баёнотни эълон қилди.

Унда келтирилишича, пандемия даврида ўғил-қизларни юқумли касалликларга қарши эмлаш кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили бу борада сўнгги ўттиз йилдаги энг кам кўрсаткич қайд этилган.

Масалан, 2021 йилда жаҳон миқёсида 25 миллион ўғил-қиз эмланишдан четда қолган. Улардан 18 миллиони кўкйўталга қарши вакцина олмаган бўлиб, бу борада Ҳиндистон, Нигерия, Индонезия, Эфиопия ва Филиппин давлатлари етакчилик қилди.

Одам папиллома вирусига қарши эмлаш қамрови эса 2019 йилда эришилган натижадан чорак қисмга кам.

Дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши уч дозада, яъни тўлиқ босқичда вакцина олганлар сони 2019–2021 йиллар давомида 5 фоизга пасайган.

Бинобарин, ўтган йили қизамиққа қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан қамров даражаси ҳам 81 фоизга тушиб кетди. Оқибатда 24,7 миллион бола мазкур юқумли касалликка чалиниш хавфи остида қолди. Бу 2008 йилдан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

Худди шундай, полиомиелитга қарши учинчи босқичда эмланмаган болалар сони 2019 йилга солиштирганда 6,7 миллион нафарга кўпайган. 3,5 миллион нафар қиз эса бачадон бўйни саратони хасталигининг олдини олувчи вакциналарнинг ҳеч бир дозасини олмаган.

Ушбу рақам 2020 йилга нисбатан 2 миллион, 2019 йилга таққослаганда эса 6 миллион нафарга кўпдир.

«Бу келажак авлод саломатлиги учун катта таҳдид, — дейди ЮНИCЕФнинг ижрочи директори Кетрин Рассел. — Тўғри, пандемия оқибатлари, карантин чекловлари пасайиш тенденциясига катта таъсир кўрсатди. Аммо ҳозир аввалгидек коронавирусдан ҳимояланиш учун уйда иҳоталанаётганимиз йўқ. Демак, CОVID-19 пандемияси фарзандларимиз соғлиғи, тақдирини хатар остида қолдиришимиз учун баҳона бўла олмайди.

Ҳозир бу масалага эътиборсиз қарасак, келгусида янада оғирроқ эпидемиялар ва уларнинг хавфли асоратларига рўбарў келишимиз муқаррар».

Эслатиб ўтамиз, юртимизда сўнгги йилларда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан қамров даражаси 95-98 фоизни ташкил этяпти. Мамлакатимизда 2003 йилдан буён эмлашдан сўнг ножўя ҳолатлар рўйхатга олингани йўқ.

Иммунизация тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши натижасида 1996 йилдан буён республикамизда полиомиелит касаллиги тугатилган ва Ўзбекистон 2002 йилда «Полиомиелитдан ҳоли ҳудуд», 2017 йилда эса «Қизамиқ ва қизилчанинг 36 ойлик элиминациясига эришган ҳудуд» номли халқаро сертификатларни олишга муваффақ бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?