Дўстлик ва бирдамлик айёми

14:08 18 Март 2026 Жамият
147 0

Наврўз — асрлар оша қадрланиб келаётган миллий байрамимиз сифатида янгиланиш ва покланиш рамзидир. Бу кунда одамлар бир-бирига эзгу тилаклар билдиради, араз-адоватлар унутилиб, қалблар яқинлашади. Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар ҳам ана шундай эзгу қадриятларни тарғиб этишда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, қозоқ миллий-маданий маркази томонидан ўтказилаётган байрам тадбирлари халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Наврўз арафасида ташкил этилаётган маданий дастурлар, миллий урф-одат ва анъаналар намойиши, турли миллат вакилларининг бир саҳнада жам бўлиши — юртимиздаги тинчлик ва тотувлик муҳитининг ёрқин ифодасидир.

— Марказимиз 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб келмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси қозоқ миллий-маданий маркази раиси Асқар Умбетаев. — Марказ томонидан миллий қадриятларнинг ажралмас қисми бўлган байрам ва анъаналарни кенг нишонлашга алоҳида эътибор қаратилади. Қозоқ халқининг қадимий ва мазмун-моҳиятга бой байрамларидан бири “Кўришув куни” ҳам кенг нишонланди. Тарихий манбаларга кўра, қозоқ халқи қадимдан кўчманчи ҳаёт тарзини кечирган ва улар учун қиш мавсуми энг оғир давр ҳисобланган. Баҳор келиб табиат уйғона бошлаган паллада, яъни март ойининг 13-санасидан кейин янги ҳаёт босқичи бошлангани эътироф этилган. Шу кун “қиш тўқсоннинг тугаши”, “янги фасл бошланиши” сифатида нишонланган.

Қорақалпоғистонда қарийб 300 минг нафар қозоқ миллати вакиллари истиқомат қилади. Уларнинг фарзандлари она тилида таълим олиши учун Нукус шаҳри ҳамда Қўнғирот, Хўжайли, Тахиатош, Беруний, Тахтакўпир, Қораўзак, Шуманай ва Мўйноқ туманларидаги 150 дан ортиқ мактабларда 20 мингдан зиёд ўқувчи учун қозоқ тилида таълим берилаётгани алоҳида эътиборга молик. Нукусдаги олий таълим муассасаларида қозоқ тили ва адабиёти бўйича кадрлар тайёрланиб, ҳар йили юзлаб ёш мутахассислар соҳада фаолият бошламоқда.

Мамлакатимизда ҳамдўстликни мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларга қаратилаётган эътибор, амалий ишларда яққол намоён бўлмоқда. Бугунги кунда ҳудуддаги бешта миллий-маданий марказ учун “Дўстлик уйи” номи билан алоҳида замонавий уч қаватли бино ажратилиб, улар давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Марказларни сақлаш харажатлари, коммунал тўловлар ва ходимлар иш ҳақининг бир қисми бюджет субсидиялари орқали қоплаб берилаётгани эса бу борадаги амалий эътиборнинг яққол намунасидир. Наврўз арафасида Қорақалпоғистондаги қозоқ миллий-маданий марказида ўтказилаётган байрам дастурлари халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ғайрат Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?