Доривор гиёҳлар – даромад манбаи

16:49 12 Март 2026 Жамият
188 0

Қамаши туманида фаолият юритаётган “BBU – Azamat” хусусий корхонаси доривор гиёҳлар етиштириш ва экспорт қилиш соҳасида нафақат вилоят, балки мамлакатимиздаги энг илғор субъектлардан бири ҳисобланади. Ўтган 2025 йилда корхона томонидан 860 тонна гулхайри гули, 798 тонна ширинмия барги ҳамда 2 тонна бўтакўз гули етиштирилган. Ушбу маҳсулотларнинг бир қисми корхона тасарруфидаги майдонларда етиштирилган бўлса, қолгани ҳудуддаги хонадонларга тегишли томорқаларда парваришланган.

– Ўтган йили туманнинг Чим, Сарбазор ҳамда Қўшкапа маҳаллаларидаги жами 1200 та хонадон томорқаларида доривор гиёҳларни етиштирдик, – дейди корхона иш юритувчиси Искандар Саидов. – Натижада мазкур хонадонлардаги 2500 нафар киши ушбу юмуш билан шуғулланиб, яхши даромад олишди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 612 мингта хонадон ихтиёрида 66 минг гектардан ортиқ томорқа ерлари мавжуд. Бу албатта, қўшимча даромад манбалари яратиш учун жуда катта имконият. Аммо ҳамма ҳам томорқага экин экиб, ундан самарали фойдаланишни уддалай олмайди. Бунга кўп ҳолларда уларнинг маълум бир маҳсулотни етиштириш борасида етарли тажрибага эга эмаслиги, қолаверса, етиштирилган маҳсулотни кимга ва қай тартибда реализация қилишда аниқ режаси йўқлиги сабаб бўлиши сир эмас.

“BBU – Azamat” хусусий корхонаси томонидан доривор гиёҳларнинг уруғи етказиб берилиб, зарур агротехник ёрдамлар кўрсатилиши, етиштирилган ҳосилни эса яна корхонанинг ўзи сотиб олиши ҳудуддаги томорқачилар учун ҳам айни муддао бўлмоқда.

Хонадон соҳибларининг айтишича, 1 сотих майдонда гулхайри ёки ширинмия барги етиштириш орқали, ўртача 8,5-9 миллион сўм атрофида соф фойда олиш мумкин. Агар томорқангиздаги беш сотих ерда доривор гиёҳларни парваришласангиз, бу бир мавсумида 42-45 миллион сўм атрофида даромад дегани.

– Бир неча йилдан буён ушбу корхона билан ҳамкорликда доривор гуллар етиштириш билан шуғулланиб келаяпмиз, – дейди туманнинг Чим қишлоғида яшовчи Матлуба Назарова. – Экини экканимиздан сўнг корхона агрономлари тез-тез келиб, уни парваришлаш бўйича маслаҳатларини бериб боришади. Биз учун энг муҳими эса, ҳосил тайёр бўлганида сўнг уни ўзлари аввалдан келишилган шартнома бўйича сотиб олишади.

Аҳамиятли томони, табиий шароитда, иссиқ қуёш тафтида етиштирилган доривор гиёҳларга хориж бозорларида талаб юқори. 2025 йилда “BBU – Azamat” хусусий корхонаси томонидан жами 3 миллион долларлик доривор гиёҳлар етиштирилган бўлса, шунинг 2,3 миллион долларлик қисми Европа давлатларига экспорт қилинган.

Жорий йилги мавсумда корхона жамоаси етиштириладиган доривор гиёҳларнинг турини ҳам, ҳажмини ҳам ошириш, экспорт кўрсаткичини эса 3,5 миллион долларга етказишни мақсад қилишган. Провардида эса бу йил томорқасида доривор гиёҳ етиштириб, яхши даромад топадиган хонадонлар сони яна 800 тага ортади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?