Дўппи тикдим ипаклари тиллодан...

15:04 06 Ноябрь 2025 Жамият
250 0

Марғилон азалдан ҳунармандлар юрти. Кўҳна кентга ипакчилар шаҳри мақоми берилгани ҳам бежиз эмас. Бу ҳудудларда ота-боболардан мерос юмушлар авлоддан авлодга ўтиб, ўзгача меҳр ва иштиёқ билан давом этмоқда. Марғилоннинг ён-атрофидаги Тошлоқ, Қўштепа туманларида ҳам қадимдан ҳунармандчилик яхши ривожланган. Айни пайтда Қўштепада деярли ҳар бир маҳалланинг ҳунармандчилик соҳасида ўз удуми, анъаналари бор. Айтайлик, “Сойбўйи” маҳалласи аҳолиси моҳир дўппидўзлиги билан танилган. Бу соҳада эллик йилдан зиёд тажрибага эга Откахон Ҳакимова маҳалла дўппидўзлари устози. У болалигида онаси Обидахон аядан дўппидўзликни ўрганиб, бир умр шу ҳунарга содиқлигини исботлади.

— Ҳунар – ҳунардан унар, ҳунарлининг иши – унарли, дерди онам. Дарҳақиқат, ҳунарли асло хор бўлмайди. – дейди Откахон опа. — Дўппидўзлик ҳам бошқа ҳунарлар сингари шунчаки қўл меҳнати эмас, балки халқимизга хос донишмандлик, оқиллик, яратувчанлик ва бунёдкорлик тимсоли. Аждодлар ва авлодлар ўртасидаги узвийликни таъминлаб келаётган мустаҳкам ришта. Эркаклар ва аёллар учун тикиладиган кенг ассортиментдаги дўппиларнинг ҳар бир гули, безаги ўзига хос маъно-мазмунга эга. Дўппининг ҳар бир жилосида қўли ва қалби гул момоларимизнинг орзу-умидлари мужассам. Масалан, ундаги ой, юлдузлар, киприк, қош каби тимсоллар йил фаслларини, ўзбек аёлининг ибо-ҳаёсини акс эттиради. Бундай рамз ва тимсоллар орқали онанинг болага, оилага меҳри, ўз бағрида опичлаб катта қилган қадрдон юртга садоқатини ҳис этиш мумкин.

Мустақилликкача чеварларга осон бўлмаган. Кундузи кўча дарвозасига катта қулф осиб, кечалари ой ёруғида минг азобда тайёрланган маҳсулотни бозорда сотиш янада азоб эди. Назоратчилар ҳунармандларни бозордан қувиб, маҳсулотларини зўрлик билан тортиб олган. Откахон опа ҳам онаси билан Марғилон бозорларида назоратчилардан қочиб юришгани, дўппилари оёқлар остида хор бўлганини кўзда ёш билан эслайди.

— Бугун эмин-эркин ишлаб, бу борада берилаётган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини тобора кенгайтириб бормоқдамиз, — дея сўзини давом эттиради Откахон опа. — Қўштепада қисқа муддатли ўқув маркази ташкил этиб, ўтган йили 550 нафарга яқин, жорий йилда 700 нафардан кўпроқ хотин-қизлар дўппидўзлик ҳунарига ўқитилди. Туманда дўппичилик кластери фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда касаначилик асосида 1000 нафардан ортиқ оила бекалари ушбу ҳунар орқали доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.

Бу хонадонда улғайган уч нафар қизлар ҳам дўппидўз. Қувонарлиси, эндиликда Откахон опанинг набиралари ҳам ушбу ҳунарга меҳр қўйган. Қўштепада мазкур сулолани машҳур дўппидўзлар оиласи сифатида ҳурмат қилишади. Қизлари ва шогирдлари томонидан тикилган ўнлаб турдаги дўппилар нафақат Фарғона водийси, Самарқанду Бухоро, Тошкент вилояти бозорларида ҳам сотилмоқда. Қўшни Тожикистонга экспорт қилинмоқда. Буюртмалар сони ҳам салмоқли – икки, беш, ўн минг... Бу ҳунармандларнинг фаолияти жадал ривожланиб бораётгани, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат ошиб бораётганидан нишонадир.

Дўппидўзликни қунт билан ўргатгани учун Откахон устоздан беҳад миннатдорман, — дейди Гулноза Муҳаммаджонова. — Ҳозир ўнлаб шогирдларим билан тикаётган дўппиларимиз мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етказиб берилмоқда. Бундан илҳомланган ҳолда дўппидўзликда ўз брендимизни яратишни мақсад қилганмиз. Шу сабабли доимо янги безаклар, жило ва нақшлар, безаклар устида ишлаяпмиз.

Откахон опа ногиронлиги бор опа-сингилларни ҳам ёнига олиб, ҳунарини ўргатиш орқали доимий иш ўрни ва даромадга эга бўлишига ҳам кўмаклашмоқда. Шу мақсадда “Тадбиркор аёл” уюшмаси Фарғона вилояти бўлими молиявий кўмагида Қўштепада ижтимоий лойиҳа амалга оширилиб, Откахон Ҳакимова раҳбарлигидаги “Универсал плюс” МЧЖда ногиронлиги бор шахсларни дўппидўзликка ўргатиш учун уч ойлик бепул ўқув курси фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда мазкур ўқув курсини тамомлаган 20 нафарга яқин II-гуруҳ ногирони бўлган аёллар опа билан ёнма-ён ишлаб, оиласига даромад келтирмоқда. Улар дўппини ярим тайёр ҳолатга келтириб беришади, кейин иш жараёни давомида унга безак бериш ишлари амалга оширилади. Харидорга етказилади.

— Энди мен ҳам жамиятнинг фаол аъзосиман, умрим фақат уй юмушлари билан ўтмайди, — дейди II-гуруҳ ногирони Малоҳат Мамасиддиқова. — Дўппи тайёрлашда картон қоғоз, мағиз, астар, елим ишлатиладиган ўнга яқин жараённи тўлиқ ўрганиб олдим. Ҳунар ҳаётимга мазмун, оиламга барака олиб келди. Бугун ҳаётнинг жўшқин оқимидан четда эмаслигимдан беҳад мамнунман.

  Тиниб-тинчимас Откахон опа ҳамиша интилишда, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳаракатида. Шу тариқа янги йилда касаначилик асосида ишловчи дўппичилик кластери фаолиятини янада кенгайтириб, қўштепалик дўппидўзлар сонини икки ярим минг нафардан оширишни режалаштирмоқда. Бунинг учун меҳр ва иштиёқ бор. Энг муҳими, имконият ва салоҳият етарли. Яқин истиқболда Қўштепа туманида хотин-қизлар тадбиркорлигида дўппидўзлик улкан тармоққа айланиб, ҳудуднинг ўзига хос бренди сифатида эътироф этилишига ишонамиз.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?