Донғи дунёга кетган дурдона

16:15 08 Август 2025 Жамият
273 0

Юртимиздаги ҳар бир қадимий обидани дурдонага менгзаш мумкин. Улар халқимиз бой маданий меросининг ажралмас бир бўлагидир. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган “Баланд масжид” ёки “Масжиди Баланд” номи билан аталувчи меъморий ёдгорлик ҳам катта тарихга эга обидалардан саналади. У XVI асрнинг иккинчи ярмида Бухоро хони Абдуллахоннинг яқини яъни кўкалдоши, Қулбобо номи билан машҳур бўлган вазир томонидан бунёд этилган.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, Бухоро хонлигининг энг гуллаган, равнақ топган даврлардан бири Абдуллахон II ҳукмронлик қилган паллага тўғри келади. Бухоро Аркининг ҳозирги кўриниши, қатор савдо тоқлари, Модарихон (Қўш мадраса) мадрасаси ва бошқа ўнлаб меъморий ёдгорликлар қурилиши бевосита у билан боғлиқ. Эътиборлиси, хоннинг атрофидаги аёнлари ҳам унинг изидан бориб, Бухорони энг гўзал шаҳарлардан бирига айлантиришдек эзгу ишга ҳисса қўшишади. Қулбобо ҳам бундан истисно эмас.

Ҳофиз Таниш Бухорий ўзининг “Абдулланома” асарида, зукко олим Бўрибой Аҳмедов “Балх тарихи” китобида Қулбобо Кўкалдош тўғрисида маълумотлар ёзиб қолдиришган. Манбаларга кўра, Амир Қулбобо, Муҳиббий (тахминан 1534—1598 йиллар) — давлат арбоби ва ҳарбий саркарда. Абдуллахон II Бухоро тахтига ўтиргач, Қулбобо Кўкалдош саройда нуфузли мансаб — кўкалдошликни эгаллаган, девони мушрифига раҳбарлик қилган ва хоннинг кўпгина ҳарбий сафарларида ҳукмдор ёнида бўлган.

Ҳофиз Таниш Бухорий «Абдулланома» асарида Қулбобо Кўкалдошни «умдат ул-мулк» («подшолик таянчи»), «низоми салтанат», «амир Низомиддин» деган таърифлар билан улуғлайди.

Қулбобо Кўкалдош ўз даврининг саводхон кишиларидан бири бўлиб, шоир, олим ва санъаткорларни жуда қадрлаган, уларга ҳомийлик қилган. Ўзи ҳам «Муҳиббий» тахаллуси билан шеърлар ёзган. У шахсий маблағи ҳисобидан 1551 – 1575 йилларда Бухоро, Балх, Самарқанд ва Тошкентда мадрасалар қурдирган.

Халқ орасида Кўкалдош билан боғлиқ ривоятлар учрайди. Улардан бирига кўра, Қулбобо Кўкалдош ҳаж зиёратини адо этмоқ учун Абдуллахон II дан рухсат сўрайди. Бироқ хон қандайдир сабаблар билан изн бермайди. Шунда Қулбобо Кўкалдош Каъбага монанд масжид қурмоқни ният қилади.

Шу тариқа хонликнинг машҳур меъмори Мирдўстим бошчилигидаги усталар Ҳаж зиёратига юборилади. Уларга Каъба тупроғи ва тошидан олиб келиш буюрилади. Усталар бу вазифани адо этиб, унинг ўша даврдаги ўлчамларини ҳам олишади. Бухорога қайтиб, Каъбатуллоҳнинг нусхаси шаклидаги масжид лойиҳасини вазир Қулбобо Кўкалдошга тақдим этишади.

Бухоро хони ва ислом уламолари ҳамда сарой аёнлари иштирокидаги лойиҳа тақдимотида турли баҳс–мунозаралар юзага келади. Бироқ Қулбобо Кўкалдош уста Мирдўстим билан биргаликда қатъият кўрсатади. Гап шундаки, лойиҳада бўлғуси масжид ичида бир дона ҳам устун ишлатмаслик кўзда тутилган эди. Фақат том қисмида унинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун махсус занжирлардан фойдаланиш белгиланганди. Бу ўша давр учун тамоман янги муҳандислик усули эди. Ваҳоланки, бошқа меъморлару усталар масжидни бу йўсинда қуриш имкони йўқлигини айтиб, лойиҳага эътироз билдиришган.

Бухоро хони изни ва фармони билан Кўкалдош Қулбобо масжид қурилишига бош бўлади. Унинг пойдеворига Каъбадан олиб келинган тош ва тупроқ қўшиб ишлатилади. Лойиҳага кўра, уста Мирдўстим масжиднинг ташқи ҳовлисида бор маҳоратини ишга солиб, 5 та устун қўяди. Бу ҳар бир мусулмон ислом фарзларини адо этиш ҳаракатида бўлмоқлигини англатади, албатта.

Абдуллахон II иншоот маҳобатини кўриб, уни “Масжиди Баланд” деб номлайди. Кўкалдош Қулбобо ҳаж зиёратини шу масжид қурилишидан сўнг адо этгани ривоят қилинади.

“Масжиди Баланд” жомеъ масжиди имом хатиби Миршод Саидовнинг билдиришича, обиданинг эни чиндан ҳам 11, узунлиги 13, баландлиги эса 15 метрни ташкил этади. Масжиддаги яна бир ажойибот шундаки, ичида устун йўқ. Том қисмида унинг мустаҳкамлигини, зилзилага бардошлилигини таъминлови занжирлар мавжуд.Олтин суви юритилиб ишланган нақшларини айтмайсизми?

Бухорога келган сайёҳ борки, Баланд масжидни кўрмай қайтмайди. Маҳобатли, ўзига хос услубда барпо этилган бу обида аждодлар ақл – заковатининг беқиёс тимсоли сифатида халқимиз ардоғида бўлиб келмоқда.

Шерзод МАҲМУДОВ,

Бухоро вилоятидаги “Карвон” маданий меросни

ўрганиш ва туризмни ривожлантириш маркази раиси.

Азизхўжа ИНОЯТОВ,

фалсафа фанлари номзоди, исломшунос.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?