ДХХ Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларни огоҳлантирди

Иллюстратив фото
Давлат хавфсизлик хизмати Россиядаги ўзбекистонликларни «А.У.Е.» жиноий ҳаракати домига тушиб қолмасликка чақирди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда ёшлар орасида турли жиноий гуруҳ ва субмаданиятларнинг таъсири кескин ошмоқда. Шулардан бири – «А.У.Е.» деб аталувчи жиноий ҳаракат бўлиб, у нафақат ўсмирларни, балки чет элга, айниқса Россияга бориб ишлаётган фуқароларимизни ҳам ўз домига тортаётгани билан жиддий хавотир уйғотмоқда.
«А.У.Е.» ўзи нима ва у қаерда шаклланган?
«А.У.Е.» («Арестантский уклад един» — «Маҳбуслар қоидаси ягона») — Россия Федерациясида пайдо бўлган бўлиб, у ерда жиноятчиликнинг алоҳида шакли сифатида эътироф этилган хавфли ҳаракатдир. У «ўғрилар қонунлари»ни идеаллаштириб, қамоқхона маданиятини оддий ҳаётга сингдиришни мақсад қилган. Россияда бу ҳаракат 2020 йилда расман экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган, унинг фаолияти учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон фуқаролари нима учун огоҳ бўлиши керак?
Маълумотларга кўра, бу тузилма таъсири Россияда вақтинчалик ишлаб юрган айрим Ўзбекистон фуқароларига ҳам етиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида ва расмий манбаларда қайд этилишича, сўнгги йилларда бир нечта юртдошларимиз «А.У.Е.» ҳаракатини қўллаб-қувватлагани ёки унда иштирок этгани учун Россия қонунчилигига асосан жиноий жавобгарликка тортилган.
«Бу ҳолат нафақат уларнинг эркинлигига, балки Ўзбекистон фуқаролари имижига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда», дейилади хабарда.
«А.У.Е.» қандай тарғиб қилинади?
Гуруҳ аъзолари асосан интернет орқали — ижтимоий тармоқлар, чатлар ва видео-платформаларда ўз сафларига одам жалб қилишади. Шунингдек, улар меҳнат муҳожирлари орасида ҳам «братва», «общак», «закон по понятиям» каби иборалар орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади.
«А.У.Е.» сафида юриш шунчаки «ишдан кейинги дўстона гуруҳ» эмас — бу ҳаракат билан боғланиш инсонни жиноий фаолиятга тортади.
Бу ҳаракатига алоқадорлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ, А.У.Е. ҳаракатларига алоқадорлик учун 300 минг рублдан 600 минг рублгача жарима, ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 1 йилдан 4 йилгача мажбурий меҳнат (ахлоқ тузатиш) ишларига жалб этиш, ёхуд 2 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ишсизлик, депортация, инсоннинг ҳуқуқий мақоми, эркин ҳаракат қилиш ва оила келажагини хавф остига қўяди.
««А.У.Е.» — бу фақат Россияда эмас, балки хорижда меҳнат қилиб юрган юртдошларимиз учун ҳам реал таҳдид. Жиноят ёки «ўғрилар қонуни» орқали ҳурмат қозонишни эмас, ҳалол меҳнат ва оилавий бахтни қадрлаш керак», дея таъкидланган хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг