Динлараро ва маданиятлараро мулоқот — Осиёда тинчлик ва барқарорлик омили

16:43 17 Октябр 2022 Маданият
729 0

Фото: Архив сурат

Тинчлик энг олий неъматдир. Тинчлик ҳукм сурган юртдагина фаровонлик, барқарорлик ва ривожланиш бўлади. Бугунги кунда бунга маданиятлараро ва динлараро мулоқот майдонини янада кенгайтириш ҳамда ўзаро ишонч орқалигина эришиш долзарб бўлиб қолмоқда. Дарҳақиқат, 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг 5-саммитидаги нутқида 30 дан зиёд иштирокчи мамлакатларга тинчликни мустаҳкамлашда ўзаро ишонч, ёшларнинг радикаллашувига қарши курашишда бирлашиш, Ўзбекистонга илм-фан ва таълим соҳаларидаги, маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси ролини бериш ҳамда динлараро ҳамжиҳатликни сақлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш каби ташаббусларни илгари сурган эди.

Бу ташаббуслар долзарб ва давр талаби бўлиб, инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик ва барқарорлик йўлида барча соғлом кучларни амалий мулоқотга жалб этишга қаратилган тарихий қадамдир. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташаббуслар негизида Осиё қитъаси мамлакатлари учун умумий бўлган кўпгина муаммоларнинг амалий ечими борлиги билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, бугун улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Осиё қитъаси мамлакатлари жиддий хавф-хатарларга дуч келмоқда. Бу, аввало, экология, демография, миграция, яшаш ва таълим даражаси пастлиги муаммоларидир. Улар ижтимоий низоларнинг асосий манбаи бўлмиш, экстремизм мафкурасининг тез тарқалиши учун шароит яратадиган муҳит экани аёндир. Айниқса, ёшлар ўртасидаги радикаллашувнинг кучайиши барчани бирдек ташвишга солмоқда. Ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг турли хил мафкуралар оқимига кириб қолишига қарши бирлашиш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам барқарорликнинг муҳим омили эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам динлараро ҳамжиҳатликни сақлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ушбу муаммоларнинг олдини олишдаги энг доно йўл эканини вақт кўрсатди, десак муболаға бўлмайди.

Мана кўп вақт ўтмасдан, Президент ташаббуслари қўллаб-қувватланган ҳолда ўз натижаларини бермоқда. Масалан, бугун Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Ёшлар кенгаши фаолиятида ҳамраис сифатида фаолият юритади, 2020 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга инсон ўлчовига ишонч чоралари бўйича мувофиқлаштирувчи роли берилди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти 2021 йилда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш таҳлил марказлари форумининг Ўзбекистондан доимий аъзоси этиб белгиланди.

Президент ташаббусининг амалий натижалари сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилингани, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ишлаб чиқилгани ҳам бу соҳада туб ўзгаришлардан далолат беради. Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази эса самарали платформа бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Бу ютуқларнинг бардавомлиги сифатида 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон тарихида илк маротаба БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 2021-2023 йилларга сайланганини келтириш ўринлидир. Кўпмиллатли юртимиз учун БМТга аъзо 193 та давлатдан 169 таси овоз берди. Бу сайловда энг кўп овоз берилган давлат Ўзбекистон бўлди. Бу эса юртимизда миллатлараро ва динлараро мулоқот майдонининг янги модели яратилгани ҳамда мулоқот тизимининг конструктив ёндашувга эришилгани каби тажрибамизнинг ёрқин намунаси, десак муболаға бўлмайди.

Бугун Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш доирасида Ўзбекистон минтақавий ва халқаро миқёсдаги ўткир хавф ва таҳдидларни ҳал этишга қаратилган фаол позицияни эгаллаб келмоқда. Динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳамда маданиятлараро мулоқотни кенгайтиришда ўзаро ишончга асосланиш ҳисобига халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўйи ҳамда ўрни янада ошиб бормоқда.

Феруза УСАРОВА,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги

Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича

Мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори в.б.,

сиёсий фанлар номзоди, доцент

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?