Дима Қаюмнинг жайдари фалсафаси

16:03 25 Июль 2022 Жамият
999 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи, ижтимоий тармоқларда «Дима Қаюм» номи билан танилган ҳамюртимизнинг асл исм-шарифи Дилшоджон Болтабоев.

Бир қарашда унинг яшаш ва турмуш тарзи барчамизники сингари оддий. Лекин ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, эзгуликка йўғрилган ижтимоий лойиҳаларда ташаббускорлиги унга қайсидир маънода машҳурлик олиб келди.

— Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари осон талаффуз қилиши учун шу номни танлаганман, — дейди у «Дима Қаюм»га ишора қилиб. — Зиёли оилада улғайганман, отам мактабда рус тили фани ўқитувчиси бўлган. Ўзим риштонликларга хос бўлмаган иш – печкачилик билан шуғулланаман. Турмуш ўртоғим уйда ҳар куни икки-уч тандир иссиқ нон ёпиб, бозорда сотади. Тирикчилигимиз печкачилик ва новвойлик ортидан бир нави ўтиб турибди. Ижтимоий тармоқдаги фаолиятим шунчаки хобби.

Болалагимдан китобга ошноман. Шу боис кўп йиллик орзумни рўёбга чиқариш учун ҳаракат бошлаганимда барча ҳамюртлар, энг аввало, зиёлилар, ижодкорлар қўллаб-қувватлашди. Ҳозирда туман марказида мингдан ортиқ китоб фондига эга мўъжазгина кутубхонам бор. Яхши инсонлар кўмагида туманда яна бир кутубхона очиш ҳаракатидаман.

Дима Қаюм водийларга хос гапга чечан, аскияни қойиллатади, чапани ва дангал йигит. Шунинг учун унинг ижтимоий тармоқларда севиб ўқиладиган жайдари фалсафаси, юмори ўзига хослиги билан тилга тушган. Унинг яна бир яхши фазилати – ҳамиша кам таъминланган ва қийналган оилаларга беғараз кўмаклашиш, ҳомийлик ёрдамлари уюштиришга ошиқади. Турли акциялар ўтказиш орқали у одамлар мушкулини осон қилишга одатланган.

Оддий одамлар орасида унинг номи аллақачон машҳур бўлиб улгурган. Шундан бўлса керак, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан Дима Қаюмни излаб келувчилар кўп.

— Янги кутубхона очиш ва бу йўналишдаги фаолиятимни янада кенгайтиришга бўлган интилишимни эшитиб, АҚШ, Европа давлатлари, қўшни республикалар, юртимизнинг турли ҳудудларидан китоблар юборишяпти, — дея давом этади Дилшоджон. — Айниқса, шоир-ёзувчилар, маънавият тарғиботчиларидан беҳад мамнунман. Аксарияти ўзлари келиб, фаолиятим билан яқиндан танишгач, китоблар совға қилиб кетишади.

Агар таъбир жоиз бўлса, Дима Қаюм Риштон кулолчилигини тарғиб этишда ўзига хос элчи вазифасини ҳам бажармоқда. У туман тарихини яхши билиши, кулолчилик санъатини яхши тушунгани натижасида сайёҳларга гидликни қойиллатади. Шу мақсадда сайёҳларга Риштонда кўриши керак бўлган манзилларнинг туристик маршрутини ишлаб чиққан.

— Туризмни замонавий мезонлар асосида ривожлантиришга катта эҳтиёж бор, — дейди у. — Бунинг учун барча тадбиркор-кулоллар муштарак мақсад йўлида бирлашиб, туристик маршрутлар рўйхатини янада кенгайтиришимиз, китоб, буклет ва паннолар чиқаришимиз, ижтимоий тармоқда фаоллик кўрсатиб, тарихий-маданий қадриятларимизни бутун дунёга кўрсата олишимиз зарур.

Риштон туман ҳокимлиги томонидан ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ва шу тариқа туристик маршрутлар рўйхатини кенгайтириш, энг асосийси, аҳоли фаровонлиги ва турмуш шароитини яхшилашга бўлган саъй-ҳаракатлар эътиборга лойиқ.

— Кулолчилик сердаромад соҳа сифатида ривожланяпти, риштонлик кулоллар дунёга бўйлаяпти. Буниси энди фахр ва ғурур,— дейди Дима Қаюм. — Туманнинг ҳар бир маҳалласида кулолчилик оилалар ҳаётига кенг кириб боряпти. АҚШ, Италия, Туркия, Япония, МДҲ давлатларида ҳамкорларимиз кўпаймоқда. Туризм истиқболини таъминлашда бу жуда ҳам муҳим. Шунингдек, мен Риштон оши, қантак ўрикларини ҳам дунё миқёсида бренд қилиш керак деб ҳисоблайман. Бугун туманда палов тайёрлашга ихтисослашган 200 дан ортиқ чойхоналар фаолият кўрсатяпти. Қадимий қантак ўриги шуҳратини тиклашга бўлган уринишлар ҳам тобора кенг қулоч ёзмоқда. Бундан ташқари туяқушчилик, писта плантациялари яратиш керак. Бунинг учун туман ҳокимлиги айни ишларни бугунги кун талаби ва эҳтиёжи асосида ривожлантириши лозим.

Дима Қаюмнинг бу ҳақчил ва халқчил фикрлари ҳаётий зарурат эканини англаймиз. Унинг жайдари фалсафаси оддий одамларни бефарқ қолдирмаслиги боиси ҳам шундадир балки.

Ботир Мадиёров «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер