Депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сони 30 фоиздан 40 фоизга оширилади
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон гендер тенглик масалалари бўйича қатор халқаро рейтингларда юқори поғоналарга кўтарилди.
Ўтган даврда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Айниқса, мамлакатимиз хотин-қизлари халқаро тузилмаларда, форумлар ва анжуманларда фаол иштирок этиб, ўз таклифларини илгари суриб келаётгани диққатга сазовор. Хусусан, 2022 йилда Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғининг 2023 йилги ҳисоботига кўра эса 166 та мамлакат орасида Ўзбекистон мавқейи 8 поғонага кўтарилиб 69-ўринни эгаллади.
Барча даражадаги вакиллик органлари фаолиятида хотин-қизларнинг ўрни сезиларли даражада ошиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизи хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Эътиборлиси, парламент қуйи палатасидаги раҳбар лавозимларида ҳам хотин-қизлар самарали фаолият олиб боряпти. Жумладан, қуйи палатада 1 нафар аёл депутатимиз Спикер ўринбосари – фракция раҳбари, 3 нафари қўмита раиси, 2 нафари қўмита раиси ўринбосари лавозимларида самарали ишлаб келмоқда.
Айни чоғда сиёсий майдонда ҳам опа-сингилларимизнинг фаоллиги ошганлиги қувонарли, албатта. Буни сиёсий партиялар аъзолигидаги аёлларнинг салмоғидан билиш қийин эмас. Жумладан, барча сиёсий партиялар аъзоларининг қарийб 46 фоизи аёллардан иборат. Партиялардаги раҳбар аёллар салмоғи 648 нафарни ёки 36 фоизни ташкил этади.
2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан – 47 фоизга, тадбиркорликда эса 21 фоиздан – 37 фоизга етди. Буларнинг барчаси юртимизда кейинги йилларда хотин-қизларга берилаётган имкониятлар, яратилаётган шароитлар натижаси, десак айни ҳақиқат.
Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этишга қаратилгани билан эътиборга молик.
Лойиҳани тайёрлашда хорижий тажриба ҳам ўрганилди. Бу борадаги кўрсаткичлар хорижий давлатларда турлича шаклланган. Хусусан, Европа давлатларида 40-50 фоиз, МДҲ давлатларида 25-30 фоиз атрофида белгиланган. Россия, Беларус ва Тожикистонда эса аёллар учун квоталар назарда тутилмаган. Арманистонда 25 фоиз, Қозоғистонда аёллар билан биргаликда ёшлар ва ногиронлар 30 фоиз, Қирғизистонда эса номзодларнинг кўпи билан 70 фоизи бир жинс вакили бўлиши мумкинлиги кўзда тутилган.
Ишончим комилки, мазкур ҳужжат Конституцион нормаларнинг амалга кенгроқ татбиқ қилинишига, аёлларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ролини кучайтириш ҳамда уларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Гулбаҳор Саидғаниева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг