Депутатлар масъуллардан масъулият талаб қилишди

Фото: Халқ сўзи
Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси кўриб чиқилди. Жумладан, вилоятда эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажримлар, хотин-қизлар муаммолари билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш, вилоят маҳаллий бюджетининг ижроси ва қўшимча манбалардан мақсадли фойдаланиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, бу гал депутатлар фаоллик кўрсатиб, маърузачиларнинг шунчаки расмиятчилик учун тайёрлаб келган ҳисоботлари бўйича ўз эътирозларини билдирдилар. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Энахон Сиддиқова, Шерзод Каримов, Расулжон Мирзааҳмедов Фарғона вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулчеҳра Жўраева ҳисоботидан қониқмадилар. Ҳисобот жуда саёз тайёрлангани, унда таҳлил йўқлиги таъкидланди. Ҳисоботни қайта кўриб чиқиш ва келгуси сессияларнинг бирида олти ойлик якуни билан муҳокамага қўйилиши ҳақидаги таклиф депутатлар томонидан маъқулланди.
Вилоятдаги криминоген вазият ва жиноятчиликни камайтириш масаласидаги маъруза ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бир қатор депутатлар ва Ёшлар парламенти аъзоси Сарвиноз Саксонова Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари Файзулло Ортиқбоевга маъруза юзасидан кескин саволлар бердилар. Қонун устуворлигини таъминлашда жамоат ташкилотлари билан ички ишлар идоралари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам эмаслиги, профилактика инспекторлари фаолиятида камчиликлар учраб туриши очиқ эътироф этилди.
Депутатлар Фарғона вилояти молия бош бошқармаси бошлиғи Зафаржон Рўзалиевнинг маҳаллий бюджетнинг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси ҳақида маърузаси бўйича ҳам ўз таклифларини илгари суриб, ҳисоботни камида икки-уч кун олдин тақдим этиш ҳамда ҳар бир йўналишда ижро самарадорлигини жиддий ўрганиб чиқиш зарурлигини айтиб ўтишди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг