Депутат қабулхонаси муаммолар ечимида самарали усул
«Депутат — бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган сиёсий билими, онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир». Президентимизнинг янги сайланган Парламентимиз вакиллари, депутатлар билан учрашувида билдирган ушбу фикрлари депутатнинг қандай инсон бўлишининг аниқ мезони бўлди. Қонунчилик палатаси, вилоят ёки туман кенгаши депутати бўладими, аввало, у халқнинг манфаатини ўйлайдиган, бир сўз билан айтганда халқ дардини ўз дарди деб биладиган инсон бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан ўзини депутатликка чоғлаган ҳар бир киши — «депутат қандай инсон бўлиши керак, фаолиятини қандай ташкил қилиши керак, ўзига ишонч билдирган сайловчилар билан ишни қандай ташкил этса, одамларни рози қилиш мумкин», деган ўйлардан бир зум бўлсада холи бўлмаслиги керак.
Тақдир насиб қилиб, депутат бўлиб сайланганимдан сўнг, унинг юки ва залварини ўзимда ҳис этдим.
Ўзим сайланган 6-Меҳробод сайлов округи ҳудудида аввало сайловчилар билан ишлаш тизимини ташкил этиш мақсадида партиядошларимиз билан маслаҳатлашиб депутат қабулхонасини ташкил этиш қарорига келдик ва ҳудудда депутатлик қабулхонасини ташкил этдик. Қабул кунлари ва вақтини белгиладик. Ишни ташкил этиш жараёнида округим ҳудудидаги 25 та маҳалла фуқаролар йиғинлари билан мустаҳкам ва доимий алоқани ўрнатиш мақсадида барча маҳаллаларда бўлиб муаммоларни ўргандим, ҳар бир маҳалланинг паспортини, муаммолар рўйхатини ва уларни ҳал этиш бўйича шахсий иш режамни белгилаб олдим.
Айтиш жоизки, кундалик ҳаёт кундалик муаммолар билан тўла. Бу масалалар ўзини сайловчилари хизматига бағишлаган депутат учун ҳам бирдек тааллуқли. Шу боис, сайловчилар томонидан очиқ ва тезкорликда мурожаатларини билдиришлари учун телеграм тармоғида шахсий саҳифамиз ва гуруҳимизни ташкил этдик. Гуруҳда барча фуқаролар йиғинлари раҳбаридан тортиб «еттилик» вакилларию кўча бошиларгача жамладик. Назаримда, бу ишларимиз сайловчиларимизга ҳам қолаверса, маслакдошларимизга ҳам маъқул бўлди.

Ҳудудларда сайловчилар кўтараётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Сайлов округимда 25 та маҳалла бўлиб, 30010 нафар сайловчилар рўйхатга олинган. Ушбу қабулхона уларга қулайлик яратиш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва белгиланган тартибда ҳал этишга хизмат қилмоқда. Шу пайтгача округ бўйича юзга яқин муаммолар ўрганилиб, ечим топиш бўйича йўл харитаси тузилди. Манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Либерал Демократик партиясидан сайланган депутатлар ва партиямизнинг туман, шаҳар кенгашлари аппарат раҳбарлари иштирокида ушбу қабулхонада ўқув-семинари ўтказилди. Партия вилоят Кенгаши раҳбарлари, партия фаоллари депутатларнинг ишини жонлантириш, сайловчилар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида бундай қабулхоналарни очиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлашди. Депутатлик сўрови юбориш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, ўз округимдаги маҳаллаларда ҳам аҳоли билан мулоқотлар ўтказяпман. Маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар билан яқиндан танишиб, ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш ҳамда муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича манзилли режалар тузиб боряпман.

Хусусан, «Шукрона» маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда фуқаролар қишда газ босимининг пасайиб кетиши, кўп қаватли уйлар олдидаги спорт майдончаларининг талабга жавоб бермаслиги, «Дарғом» канали атрофини ободонлаштириш, Сайқал кўчасининг 500 метр қисми таъмирталаб аҳволга келиб қолганини маълум қилишди. Маҳалла ёнидаги бўш турган ерни обод қилиш, маҳалла биноси ходимларга торлик қилаётгани, янги хоналарга эҳтиёж борлиги ҳам айтилди. Мазкур масалаларни жойида ўрганиб, ҳар бир муаммони ҳал қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб ва мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юбордим.
Умуман айтганда, сайловчиларнинг ижтимоий манфаатларидан келиб чиқадиган мурожаат, талаб ва таклифларини ижобий ҳал этиш, муаммоларга ўз вақтида ечим топиш депутатга катта масъулият юклайди. Чунки, депутат ҳамиша халқ томонида бўлиб, аҳолига қайси масала қай даражада ҳал бўлишини тушунтирса, сайловчиларнинг сиёсий фаоллигини оширишга эътибор қаратсагина ўзига билдирилган ишончни тўлиқ оқлайди.
Акбарали ҚАЮМОВ,
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг