«Демак, Ватан – бизнинг ўзимиз!»
Фото: Архив сурат
20 февраль — Матназар Абдулҳаким туғилган кун
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган Маданият ходими, «Офарин» мукофоти соҳиби, шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким ҳаёт бўлганида умрнинг 75 ёш довонидан ўтган бўларди.
Таъкидлаш жоизки, шоир «Тиниқ тонглар», «Фасллар қўшиғи», «Қор қўшиғи», «Ёнимдаги дарёлар», «Қорачиқдаги дунё», «Бир қучоқ гул», «Ойдинлик, «Сўнгги япроқ» каби шеърий китоблари, Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бедилдан қилган таржималари орқали кўнгил ва кутубхоналар тўридан жой эгаллаб улгурган.
«Ўз халқининг ҳатто бир нафар фарзанди бахтсиз бўлса ҳам, шоир ўзини бахтлиман деб айта олмайди. Энг сўнгги бахтсиз одам ўз бахтини топмагунча, шоир унинг ёнида туриб, унинг билан бирга бахт излашда давом этаверади» дейди шоир «Аржуманд сўз» мақоласида.
Дарҳақиқат, Матназар Абдулҳаким халқига, миллатига ҳамиша яхшилик, эзгулик, саодату бахт соғиниб яшаб ўтди. Бугун бу соғиниш, бу истак шоир битикларида яшамоқда...
* * *
Минг бор ўлдик, минг бор тирилдик,
Раҳм этмади вақт оҳимизга.
Такрор-такрор кўмилавердик,
Ўзимизнинг тупроғимизга.
Ватан сақлар жимлигимиздир,
Ватан айтадиган сўзимиз.
Бахт – ватандир, кулфат – ватандир,
Демак, Ватан – бизнинг ўзимиз.
Ҳайқирганим қўшиқ – ватаним,
Дилга армон куйим ватандир.
Очқаб келсам, қазноқдаги нон,
Ўлан тўшак уйим ватандир.
Кўзларингнинг қораси – ватан,
Қошларингнинг ораси – ватан.
Мушкулларим бўлмай қолса ҳал,
Чорасизлик чораси ватан.
Кўзларимга қалққан қатра ёш,
Тортаётган нолам ватаним.
Ёт элларда қолганим болам,
Ўн саккиз минг олам ватаним.
Ватанимсан, севгилим, жоним,
Юрагимдир юрагинг – тошинг.
Ҳаётинг ҳар куни ватаним,
Ва айниқса, ўн саккиз ёшинг.
Жўн бир ғубор, оддий тупроғим,
Ҳар зарра, ҳар маъданим ватан.
Керак эмас ўзга ватанлар,
Чунки менинг ватаним ватан.
Лабимдаги кулгу шундандир,
Шундан кўзларимга ёш қалққан.
Лаҳза тинмас, уравергай чарх
Бу муборак илоҳий халқа.
ЙЎЛОВЧИ ҚИЗ
Ўтасан сумкангни кифтингга илиб,
Кенг кўча. Одамлар. Салом ва алик.
Тўхтаб қолмас ҳеч ким ҳайрон тикилиб,
Лоқайд бўладими эл ҳам шунчалик.
Духобага дўнмас сен юрган йўллар,
Дарахтлар қолади изингдан кетмай.
Гулдек қизарсанг ҳам совқотиб, гуллар
Кўмилиб ётади уялмай-нетмай.
Сўнг бекат. Чиқасан автобусга жим.
Пассажирлар лоқайд. Зотан, сан
Улар учун ҳамроҳ ёки йўловчи,
Хуллас, одатдаги одамсан.
Шунда бирдан чиқиб кетади жаҳлим,
Ногаҳон келаман ларзага.
Сен деб айланаман шу заҳот, бахтлим,
Ҳамма одамга ва ҳамма нарсага.
Халойиқ бўламан – ошуфта, сармаст,
Гул бўлиб, шафақранг ўйга толаман.
Дарахтман. Ёнимдан ўтиб қолсанг, бас,
Эргашиб, изингдан мен йўл оламан.
Тутқич бермай кетиб қоласан бироқ
Хиромон-хиромон, сокин, оҳиста...
Мендан бахтиёрроқ ва муносиброқ,
Ўзингдек мукаммал бир ҳамроҳ истаб.
Майли. Ҳар қадаминг мен учун фахр,
Сира элаштириб билмайман сани.
Тушунаман, севиш оғир... кўп оғир
Ҳамма одамни ва ҳамма нарсани.
ЁЛҒИЗ ЯПРОҚ
Ишқига ҳар лаҳза иқрор юрагим,
Бир уриши минг сир-асрор юрагим.
Сен кимга, ким сенга, о, зор юрагим,
Чекаверма бунча озор, юрагим.
Дунё, ўзи, шундай бозор, юрагим.
Каҳкашон – йўлингда тўзғиган чанглар,
Кўксимда жимгина урасан бонглар,
Қоронғу руҳимда сен – отган тонглар,
Ишқ савдосин сира англарми онглар,
Тарозу юлдуздек бедор юрагим.
Бедардлар чектирган оҳ, юрагим, сен,
Гоҳ гадо, гоҳида шоҳ, юрагим, сен,
Қуёш юрагим сен, моҳ, юрагим, сен,
Дилдорни деб юксал, тоғ юрагим, сен.
Дилдорни деб титра, дутор юрагим.
Айтмам сенга ақлу ҳуш бўлиб яша,
Бироқ ғамларни енг, хуш бўлиб яша,
Мардга ўнг, номардга тушь бўлиб яша,
Ўзинг осмон, ўзинг қуш бўлиб яша,
Йўқса парвоз иши душвор, юрагим.
Гарчи дардлар умрим безаётирлар,
Ҳажру ғам сени кўп эзаётирлар,
Борлиғим бир қисмат сезаётирлар,
Хазон шамоллари эсаётирлар,
Ёлғиз япроқ янглиғ бемор юрагим.
Гарчи ишқ мангу бахт, боқий жамолдир,
Умр деганлари эсган шамолдир,
Шиддати қошида учган ўқ лолдир,
Ўзингдан ҳамишабаҳорлар қолдир,
Эмассан ҳамиша баҳор, юрагим.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг