Давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизими такомиллаштирилади

21:26 04 Октябр 2024 Сиёсат
393 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Айни пайтда шу йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш жараёнлари қизғин паллага кирди. Шуларга мос равишда партиялар ўзларининг сайловолди дастурларини тарғиб қилмоқда ҳамда улар ўзаро баҳсларга киришмоқда.

 Кеча партиялар ўртасидаги дебатларнинг навбатдаги “Давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш” мавзуида бўлиб ўтди.

“Дебат Холл” медиа марказида Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ва Халқаро пресс клуб томонидан ташкил этилган баҳсда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ҳамда журналист ва блогерлар қатнашди.

Дебатнинг 1-раундида партияларнинг сайловолди дастурлари, хусусан, уларнинг мавзуга оид жиҳатлари тўғрисида мухтасар маълумот берилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакилининг таъкидлашича,  қонун устуворлиги, ижтимоий тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш партияда олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда суд механизмлари мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партияси вакили томонидан қайд этилганидек, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимида адолатга эришиш жамият тараққиётида муҳим омил саналади. Шу боис партия томонидан ушбу йўналишга тааллуқли аниқ вазифалар белгилаб олинган. Фуқароларга енгиллик яратиш, судлар самарадорлигини ошириш мақсадида туман ва шаҳарларда фуқаролик ишлари бўйича судларни тузиш, судьялар ҳуқуқларини кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш учун “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ана шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг саловолди дастуридан 5 та аниқ мақсад йўналтирилган 500 та вазифа ўрин олганлигини партия вакили томонидан таъкидлаб ўтилди. Унга кўра, давлат аппаратининг институционал тизимини оптималлаштириш чоралари кўрилади ва одил судловни таъминлаш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади. Жамиятда “Қонун ва адолат устувор”, “Жиноятга жазо муқаррар” принципларини янада мустаҳкамлашга барча имкониятлар сафарбар этилади ҳамда сўз эркинлиги тўлиқ таъминланади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакили томонидан таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашиш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Бу борада партиянинг сайловолди дастурида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Масалан, “Давлат хизматчисининг ҳалоллик текшируви” институтини жорий этиш, давлат хизматчилари сонини мунтазам камайтириб бориш таклифи илгари суриляпти. Айни чоғда партия қонун устуворлиги давлат бошқарувининг асосий тамойили бўлиши лозим, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Экологик партияси вакили фикрича, бугун атроф-муҳитга зарарли таъсирлар оқибатини бартараф этиш, аҳоли соғлиғини муҳофазалаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид қатор қонунчилик ҳужжатларини  қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, малакали юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, эколог-ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ва жиноий ишларни кўриб чиқиш бўйича ихтисослашган судларни ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилмоқда.

Дебатнинг 2-раундида партиялар вакиллари жамоатчилик фаоллари ва сайловчиларнинг юртдошларимизни ташвишлантираётган масалалар юзасидан берган саволларига  жавоблар қайтаришди.

Дебатнинг 3-раундида партиялар вакиллари бир-бирига саволлар билан мурожаат қилишди. Жумладан, ЎзХДП вакили М. Қодирхонова ЎзЛиДеП вакилига Янги Ўзбекистонда давлат бошқаруви қандай бўлиши кераклиги ва партия дастурида қандай  таклифлар илгари сурилаётганлиги билан қизиқди.

Партия аъзоси Б. Бекмуродов ушбу саволга жавобан, аввало, янги Ўзбекистонда давлат бошқаруви ихчам, одамларнинг оғирини енгил қиладиган самарали давлатчилик бўлиши кераклигини қайд этди. Ва бу борада хориж тажрибасидан мисоллар келтириб, партия дастурида белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди.

“Адолат” СДП вакили Д. Исмоилов эса Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакилига “Давлат хизматчиларининг ҳалоллик текшируви” институтини жориш қилиш давлат бошқарувида қандай натижа беради, бу қонунчиликда белгиланган айбсизлик презумпциясига зид бўлиб қолмайдими, деган савол билан юзланди.

Мазкур саволга партия вакили Ж. Ширинов атрофлича тушунтиришлар бериб, давлат хизматига ҳалол инсонлар келмас экан, коррупция деган балони енгиб бўлмаслигини қайд этди. Қолаверса, у бунинг айбсизлик презумпциясига ҳеч қандай таъсири йўқлигини, чунки бу шахсга айб эълон қилинмаслигини, иш берувчи ўзининг ваколатлари доирасида ўз ходимининг ҳалоллигини текшириб боришини билдириб ўтди.

“Адолат” СДП вакили ЎзЛиДеП дастурида қонун устуворлиги, одил судлов ва адолатни таъминлашга эришамиз, деган ғоя илгари сурилгани ва бунга қандай эришмоқчисиз, аниқ қандай чоралар кўрилади, деган савол билан мурожаат қилди.

Партия вакили илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, суд прецеденти ҳуқуқини амалиётга жорий этиш таклиф қилинаётганини маълум қилди. Қолаверса, терговда шахс ҳуқуқини чеклашга санкция бериш масаласи алоҳида судьялар томонидан кўриб чиқилишини билдирди.

Шунингдек, дебатда йўллардаги тирбандлик ва пиёдалар хавфсизлигига оид масалалар, эколог-ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ва ихтисослаштирилган судлар ташкил этиш бўйича партиялар томонидан илгари сурилаётган таклифлар заруратига қаратилган саволлар ўртага ташланди ва жавоблар олинди.

Дебат якунида эса ҳар бир сиёсий партия вакили сайловчиларга мурожаат қилиб, уларни сайловда фаол иштирок этишга ва ўзларининг номзодларига овоз беришга чақирди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?