“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда

14:19 20 Декабрь 2023 Сиёсат
432 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди.

Шу билан бирга, маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шу муносабат билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи, шунингдек, давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг сўзларига кўра, Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?