Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш масалалари, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳитга таъсири муҳокама қилинди

12:23 05 Август 2023 Сиёсат
3283 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган ишларни ўрганиш кўрсатганидек, Сенат қарорида белгиланган бир қатор вазифалар ижроси етарли даражада таъминланмаганлиги, соҳадаги долзарб масалалар ўз ечимини топмаганлиги аниқланган.

Хусусан, дарё ўзанларида қум-шағал қазиб олиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларидан лицензия ёки шартнома муддати тугагандан сўнг кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартиби ишлаб чиқилмаган.

Дарёлардан қум-шағал қазиб олишнинг ер ости сувлари ва экологияга салбий таъсир кўрсатаётганлигини инобатга олиб, дарёларни тасарруф этувчи ягона органни белгилаш бўйича таклиф киритилмаган.

Чирчиқ, Зарафшон, Оқдарё, Қашқадарё, Сангзор ва Қорадарёларидан саноат миқёсида қум-шағал қазиб олишга мораторий эълон қилиш масаласи юзасидан аниқ бир қарорга келинмаган.

Ҳудудларда норуда фойдали қазилмалар ҳамда қурилиш учун қум, чақилган тош маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган ихтисослаштирилган саноат зоналарини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаган.

Сенаторлар томонидан Зарафшон дарёси қирғоғида жойлашган Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида ер ости сувлари сатҳи 3-4 метргача пасайиши оқибатида дарахтлар қуриб қолаётганлиги, Қорадарё ва Оқдарёда қум ва шағал ноқонуний қазиб олиниши атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсир кўрсатганлиги, ҳозирги кунда дарёларнинг сув сатҳи 5 метрга пасайиб кетганлиги ҳамда дарёлар ўзанлари устига қурилган автомобиль йўлларидаги кўприкларнинг таянч устунлари очилиб қолганлиги таъкидланди.

Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер