Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати нисбатан илиқ бўлиши кутилмоқда

12:46 23 Январь 2026 Жамият
317 0

Фото: Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»

«Ўзгидромет» 24-25 январь, дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво прогнозини эълон қилди.

Унга кўра, эртага 24 январь куни кундузи совуқ антитциклон Ўзбекистон ҳудудидан чекинади ва совуқ ҳаво массаларининг таъсири аста-секин кучсизланади. Ҳарорат кундузи 0-3 даража илиқ атрофида бўлади. 25 январь, якшанба куни ҳаво ҳарорати нисбатан кўтарилади: кечалари 3 даража совуқ — 2 даража илиқ, кундуз кунлари 5-8 даража илиққача исийди.

23-24 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат Фарғона водийси вилоятларида бугун куннинг биринчи ярмида баъзи жойларда кучсиз қор ёғади. Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида эртага куннинг ярмида баъзи жойларда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

25 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларидан бошқа ҳудудларда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.

Дам олиш кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим ҳудудларда баъзида 22-25 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида бугун ва эртага ёғингарчилик кутилмайди, кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Якшанба куни асосан ёмғир кўринишида бироз ёғингарчилик бўлиши, йўлларда баъзи жойларда яхмалак кузатилиши кутилмоқда.

Ҳаво ҳарорати бугун кундузи 1-3 даража совуқ бўлади. Шанба куни кечаси 6-8 даража совуқ, кундузи 0-2 даража илиқ бўлади. Якшанба куни кечаси 1 даража совуқ — 1 даража илиқ, кундузи 5-7 даража илиқ бўлиши прогноз қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер