Дала четидаги хазина
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Бундан анча илгари Фарғонага борганимизда мезбон фермернинг даласига тортилган бош ариқнинг икки четига экилган қовоқлар, сувга қарийб тегиб турган ҳосилни кўриб, водийликларнинг ҳар қарич ер ва ҳар томчи сувдан заргарона унумли фойдаланишларига қойил қолганмиз.
— Бу иккинчи ҳосилимиз, — деган ўшанда мезбон фермер. — Пишмай қолиши аниқ, лекин қорамолга қайнатиб берсангиз сутнинг ёғлилигини оширади. Эрталаб нонуштада мақталган қаймоқ шу сутдан олинган.
Нонуштадаги қаймоқ чинданам хуштаъм ва энг муҳими мутлақо табиий — ўсимлик ёғи каби турли қўшимчалардан холи эди. Бунақасини энди дўкону гипермаркетларда ҳар доим ҳам учратавермайсиз.
— Истаган бозорингизга киринг, Эрон, Покистон, Туркия ва бошқа мамлакатлардан келтирилган мева ва сабзавотлар эгаллаб олганлигига амин бўласиз, — дейди соҳа фахрийси Саъдулла Истамов. — Олма, нок, шафтоли, лимондан тортиб, булғор қалампири, помидор ва бодринггача ҳамма-ҳаммасининг гени ўзгартирилиб, узоқ муддат сақланишига мослаштирилган. Кўринишига кўз тўяди, лекин таъми кўнгилдагидек эмас.
Ўзимизникига нима етсин. Афсуски, ўз далаларимизда етиштирилган ноз-неъматлар йилдан йилга камайиб кетаяпти.
Президентимиз 2024 йил 28 ноябр куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида фермер хўжаликларининг дала атрофлари, коллектор ва дренажлар ёқасида фойдаланилмасдан қолаётган ерлар мавжудлигини танқидий баҳолаб, мавжуд унумдор ерларнинг ҳар қаричидан самарали фойдаланиш, кўчат экиб, рўзғори учун даромад топиш, ортганини ички ва ташқи бозорга олиб чиқиш ғояларини илгари сурди. Бундан нон ҳам унинг ушоғи ҳам нон, деган фикр, имкониятларнинг қадрига етишдек эзгу ташаббусни англаш мумкин.
Орадан бир ойча муддат ўтиб, Давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлар ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини самарали ташкил қилиш ва кўпайтириш орқали мамлакатнинг экспорт кўрсаткичларини ошириш вазифалари Республика Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги зиммасига юклатилди.
Шу асосда агентликнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан хўжаликларининг дала атрофлари, коллектор ва дренажлар атрофида фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудлар ўрганиб чиқилди.
— Вилоятимизда 749 та фермер хўжаликларининг дала четларида фойдаланиш имконияти бор бўлган 255,4 гектар майдон мавжудлиги аниқланди, — дейди бошқарма бошлиғи Тўлқин Турсунов. — Бундан ташқари коллектор зовурлар атрофида олиб борилган ўрганишлар давомида вилоят бўйича жами 330,8 гектар майдондан фойдаланиш имконияти мавжудлиги аниқланди.
Ушбу майдонларда йиллар давомида бой берилган имкониятларни биргина томорқачи Элмурод Кенжаев фаолиятида қиёслайлик. Э. Кенжаев Кармана туманининг “Уйрот” маҳалласида истиқомат қилади. Тўққиз сотихли томорқасидан ҳар йили 90-100 миллион сўм атрофида даромад кўтарарди.
— Мустаҳкам оёққа туриб олгач, маҳалламиздан ўтган канал атрофидан 35 сотих ерни ўзлаштириб, турли дарахт кўчатларини экдик, — дейди Элмурод Кенжаев. — Шу 35 сотихдан 450-500 миллион сўм атрофидан даромад олишим мумкин. Мамлакатимиз Президенти қарорида кўзда тутилган имтиёзларнинг қўлланиши даромадимизни бундан ҳам оширади.
Албатта, ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Табиийки, вилоятнинг коллектор ва дренажлар ҳамда дала четларидаги 586 гектарлик фойдаланиш имконияти бўлган ерлар ўз эгасини топиши, сифатли ва иқлимбоп уруғликни етказиб бериш, уларни зарарли ҳашоратлардан ҳимоялаш тизимини йўлга қўйиш, бепул агроном маслаҳатларини ташкил этиш каби бир қатор тадбирлар амалга оширилиши лозим. Шу мақсадда вилоятда чора-тадбирлар белгиланиб, унга кўра 255 гектарлик дала чети майдонларида аччиқ гилос, олхўри, ўрик ва бошқа турдаги мевали дарахт кўчатларини экиш вазифалари ишлаб чиқилди.
— Мазкур чора-тадбирларда дала четларини иккиламчи ижарага олиш истагини билдирган талабгорлар рўйхатини шакллантириш, бунда камбағал оилаларнинг аъзоларига устуворлик бериш белгиланди, — дейди ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бош мутахассиси Охунжон Облоқулов. — Бундан ташқари дала четларига ҳар йили 1 апрелга қадар экин экмаган ва йил давомида маҳсулот етиштирмаган ердан фойдаланувчиларга нисбатан далолатнома расмийлаштириб, жарима қўллаш учун Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига тақдим қилиш, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштиришни тўхтатиш юзасидан тегишли тижорат банкларига мурожаат қилиш белгиланди.
Ер энг катта бойлик, унинг ҳар бир қаричидан фойдаланиб, йиллар давомида қаровсиз қолган дала четидаги ерларни ўзлаштириш, сабзавот ва мевали экинлар экиш нафақат қўшимча даромад олиш ва аҳоли дастурхонини табиий нозу неъматлар билан тўкин этиш, балки атроф-муҳит муҳофазасида ҳам янги имкониятларни тақдим этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг