CRIC-21: маҳаллий ва халқаро журналистлар учун медиа-тренинг ўтказилмоқда
10–12 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги кўмагида, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессиясига тайёргарлик доирасида Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуаси конгресс марказида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Россиядан келган журналистлар учун медиа-тренинг ташкил этилди.
Маълумот учун, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) чўлланиш, ерларнинг деградациясига қарши курашиш ва қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш бўйича халқаро даражада давлат ва хусусий сектор саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида яратилган. Конвенцияда 196 давлат ва Европа Иттифоқи иштирокчи ҳисобланади.
Медиа тренингдан бир қатор тадбирлар, жумладан, конвенция фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ахборот семинари, “Чўлланиш ва қурғоқчиликнинг миллий жиҳатлари”, “Марказий Осиёда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг минтақавий жиҳатлари” каби мавзулар бўйича панель муҳокамалари, “Минтақа ва иштирокчи мамлакатлар контекстида CRIC ишини таъкидлашга ёндашувлар” ва бошқа тадбирлар ўрин олган.
Панель муҳокамаси давомида Экология вазирлиги мутахассиси Собиржон Умаров сўзга чиқиб, Ўзбекистонда ўрмонларни кўпайтириш ва қайта тиклаш борасидаги ислоҳотларнинг экологик муаммолар (ерларнинг деградацияси ва чўлланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, биологик ресурсларни сақлаш) комплекс ечими сифатидаги аҳамияти ҳақида гапирди.
Экология ва сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича мустақил эксперт Мадина Холмирзаева ҳам панель муҳокамалари кун тартиби билан ўртоқлашди.
“Ўқув машғулотларида сув ресурсларининг ҳозирги ҳолати, муаммолари техник, иқлим, геосиёсий ва бошқа ўзгаришлар билан боғлиқ бўлган материаллар тақдим этилди.Ўзбекистон ҳукумати сув ресурсларидан фойдаланишни яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, “2030 йилгача сувни ривожлантириш стратегияси”га алоҳида эътибор қаратилди. Айтиш жоизки, республикада фойдаланилаётган сув ресурсларининг 80 фоизи Марказий Осиё минтақасининг қўшни давлатларидан, қолган 20 фоизи эса республикамизда ҳосил бўлади, — деди эксперт. — Сувни тежашга келсак, 2030 йилгача суғориладиган ерларнинг деярли ярмида, яъни 2 миллион гектарда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш режалаштирилган”.
Тренингнинг иккинчи кунида иштирокчилар ердан фойдаланиш, қурғоқчилик ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича маҳаллий амалиётлар билан таништирилмоқда, шунингдек, минтақавий экспертлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тренинг иштирокчилари далаларга ташриф буюриб, фермерлар билан мулоқот қилмоқда. Фермерлар уларга экин экиш пайтида қўллаётган технологиялари ҳақида маълумот бермоқда. Иштирокчилар, айниқса, хорижий ОАВ вакиллари далаларда картошка, буғдой, бақлажон, маккажўхори каби маҳаллий маҳсулотларни экишга жараёнига катта қизиқиш билдиришмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг