Чортоқда компьютер жиҳозлари ва жамланмалари ишлаб чиқарувчи корхона иш бошлади

15:21 16 Декабрь 2025 Жамият
339 0

Бир ярим миллион АҚШ доллари қийматидаги инновацион лойиҳа маҳаллий ёш тадбиркор томонидан ишга туширилди. Япония технологиясига асосланган қувватлар электрон қурилмалар қисмлари ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бу ерда учта бўлим мавжуд бўлиб, плата ва эҳтиёт қисмлар тайёрлаш, териш ҳамда тайёр маҳсулотга айлантириш амалиётлари бажарилади. Якуний лаборатория мажмуаси ҳам шу ернинг ўзида жойлаштирилган.

- Туман даражасида бу сингари нодир лойиҳаларнинг ишга туширилиши электроника саноатида янги натижа, -дейди тадбиркор Азамат Ғуломов.- Унинг ижроси ўз навбатида ҳудудларда замонавий касбларни ривожлантириш истиқболини очади. Корхонага ишга қабул қилинган 25 нафар ёшлар юқори технологияли жараёнларни моҳирлик билан ўзлаштиришяпти.

“Technology electronic L-tech” масъулияти чекланган жамиятининг ушбу корхонаси қувватлари ўзига яраша: бу ерда йилига 500 мингта плата, 60 мингдан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятлари яратилган. Маҳаллий шароитда тайёрланаётган электрон воситалар ҳозирданоқ хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер