Чўмилиш ҳалокатга олиб келмасин

15:43 16 Июнь 2025 Жамият
271 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ёзнинг жазирама кунларида кўпчилик салқин жойларга боришни ёки сув ҳавзаларида чўмилишни хоҳлайди. Айниқса, мактаб таътили бошланиши билан дарёлар, кўллар ва сув омборлари бўйида болалар ва ўсмирлар кўпайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги икки йил ичида Самарқанд вилоятида 41 ҳолатда 50 дан ортиқ киши очиқ сув ҳавзаларида сузиш пайтида чўкиб кетган. Бунинг асосий сабаби эса чўмилиш мумкин бўлган сув ҳавзаларининг етишмаслиги ёки тақиқланган жойларда чўмилиш ва хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликдир.

Яқинда Пахтачи туманида бир кунда учта бола сувга чўкиб ҳалок бўлди. 6-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчилари А.С. ва Н.М. чўмилиш мақсадида фермер даласидаги ҳовузга борган. Чўмилиш жараёнида улар ҳовузга чўкиб кетган. Тумандаги 32-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Б.Н. ариққа чўкиб вафот этган.

Сувда чўкиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда, умуман, Самарқанддаги сув ҳавзаларининг бугунги ҳолати талабга жавоб берадими?

— Вилоятда 35 та чўмилиш сув ҳавзаси рўйхатдан ўтган, — дейди Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Бегзод Назаров. — Бугунги кунда махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди таркибида қутқарув ғаввослар бригадаси мавжуд бўлиб, уларда 10 нафардан зиёд ғаввос фаолият олиб бормоқда. Сувда қутқариш ишларини амалга ошириш бўйича барча техника ва асбоб-анжомлар мавжуд ва шай ҳолатга келтирилган. Сувда фожиали ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда.

Сувга чўкиш ҳолатларнинг аксарияти сув ҳарорати доимий паст ва оқим тез бўлган чўмилиш рухсат этилмаган жойларда қайд этилган. Бундай жойларга Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё дарёлари, Каттақўрғон, Оқдарё, Тўсинсой, Қорасув ва Қоратепа сув омборлари, Дарғом, Булунғур, Шахоб, Хатирчи-Миёнкол, Туятортар, Мирзаариқ, Каттақўрғон сув омборига кириш ва чиқиш, Нарпай ва Сиёб каналлари киради.

Мазкур сув объектлари қишлоқ хўжалигида мелиорация тадбирлари учун сув етказиб бериш мақсадида барпо этилган. Сувнинг гигиеник ҳолати талабга жавоб бермайди, оқим жуда тез, баъзи жойларда кескин, чуқурлик тик ва ботиқ, сув ости нотекис ва номаълум, кўриш даражаси жуда паст, қирғоқлари беқарор, энг ёмони, ёрдам беришга шай турадиган қутқарувчилар ёки қутқарув асбоб-анжомлари билан жиҳозланмаган.

Бундай жойларда сузиш қатъиян ман этилади!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?