Чигирткани йўқ қилиш эмас, экспортга чиқариш керак
Биз зараркунанда деб атайдиган бу ҳашарот хорижда аҳолининг энг севимли таоми эканини биласизми?
Яқинда жанубий вилоятларнинг тоғли туманларида чигирткалар кўпайиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бундан аҳоли, айниқса, чорвадор ва деҳқонлар хавотири ортгани рост. Ҳақиқатда чигирткалар ёпирилиши табиатга ҳалокатли таъсир кўрсатиши оқибатида қаҳатчилик кузатилганига тарихда мисоллар жуда кўп. Чунки фақат ўсимликлар билан озиқланадиган ушбу тур нафақат яйловларни, балки йўлида учраган катта-катта майдонлардаги дон ва сабзавот экинларини ҳам еб битиради.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2024 йилда 574,8 гектар майдонда бир неча турдаги тўда бўлиб ҳаракатланувчи чигирткаларга қарши кураш чораларини кўриш, аниқроғи, кимёвий ишлов ўтказиш кераклиги башорат қилинган эди. Зарур техника воситалари шай ҳолга келтириб қўйилгани боис тезкор чоралар кўрилди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотларига қараганда, хавф бартараф этилди. Жойларда зарарли ҳашаротлар ўчоқларини аниқлаш ва йўқ қилиш чоралари давом этяпти.
Дунё озиқ-овқат саноатида муҳим хомашё
Аслида, она табиатда кераксиз нарсанинг ўзи йўқ. Биз зарарли деб ҳисоблайдиган чигирткалар ҳам турган-битгани кони фойда. Фақат ундан тўғри фойдалана олишимиз зарур. Ана шунда бу митти ҳашаротлар экспортбоп маҳсулотга, мўмай даромад манбаига айланади.
Келинг, бир бошдан тушунтирамиз. Чигиртка биологияси ва унинг турларини ўрганувчи акридология фанидан аёнки, чигирткалар «Caelifera» туркумига мансуб бўлиб, унинг энг кўп тарқалган оиласи «Acridoidea» ҳисобланади. Тахминан 8000 турга яқин чигирткалар мавжуд бўлиб, шундан икки тури Ўзбекистонда учрайди. Табиатда «Acrididea» (чигирткалар) ва «Romaleidae» (ёғоч чигирткалар) турлари кенг тарқалган.
Бугунги кунда уларнинг 10 га яқин турлари озиқ-овқат саноатида муҳим хомашё ҳисобланади. Аниқроғи, Ер юзида тахминан 2 миллиарддан ортиқ кишилар чигирткадан тайёрланган таомларни севиб истеъмол қилади.
БМТ маълумотларига кўра, кейинги пайтда дунё бозорида ҳашаротлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Йиллик ўсиш суръати ўртача 38 фоизни ташкил қилади. Негаки, чигирткалар тўйимли, мазали ва хавфсиз озиқ-овқат сифатида эътироф этилади.
Дарҳақиқат, чигиртка инсон саломатлиги учун ўта фойдали ҳамдир. Бошқа жониворлар гўштларидан фарқли ўлароқ, кўчиб юрувчи ва чўл чигирткаларида 0,8-2,4 мкг/кг. организм учун зарур «D3» витамини, шунингдек, «А» ва «E» витаминлари мавжуд. Кўчиб юрувчи чигирткаларнинг 100 граммида 10 — 20 мкг. «B12» витамин бўлиб, бу мол, қўй, балиқ ва товуқ гўштидагидан 5 — 10 баравар юқоридир. Бундан ташқари, чигирткаларда юрак хасталигининг олдини олиш учун зарур бўлган кўп тўйинмаган ёғли кислоталар («омега-3» ва «омега-6») бор.
Маълумки, «омега-3» (альфа-линоленик кислота) ва «омега-6» (линолеик кислота) каби тўйинмаган ёғли кислоталарни инсон танаси ишлаб чиқара олмайди. Биз уларни фақат овқат таркибидан олишимиз мумкин. Тўйинмаган ёғли кислоталар, хусусан, «омега-3»нинг аҳамияти шундаки, юрак-қон томир, иммунитет тизими ва мия функциясининг нормал фаолиятига, оғриқларни қолдиришда, айниқса, ёш болаларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. «Омега-6» ёғ кислоталари эса қисман «омега-3» кислоталарининг антагонистлари бўлиб, улар қон томир девори тузилишида, қон ивиши жараёнларида, қон босимини тартибга солишда, холестерин даражасини пасайтиришда, ўсиш ва тикланиш жараёнларини соғлом ушлаб туришга хизмат қилади. Шунингдек, физиологик жиҳатдан жинсий гармонларни стимуллаб, нормада ушлаб туради.
Шоколад билан қопланган митти қанотлилар
Қанчалик ғалати эшитилмасин, дунёда чигирткани севиб тановул қиладиган кишилар жуда кўп. У Осиё, Африка, Америка, Европа давлатларида, жумладан, Хитой, Жанубий ва Шимолий Корея, Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Мексика, Индонезия, Италия, Франция, Испания, Нидерландия, Таиланд, Япония, Филиппин, Вьетнам, Ҳиндистон, Лаос, Малайзия, Мяньма, Бразилия, Колумбия каби кўплаб мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулоти сифатида ишлатилади. Ҳаттоки, бир қатор давлатларда 14 октябрь — Шоколад билан қопланган ҳашаротлар миллий куни сифатида нишонланади.
Дунё давлатлари ошхоналари таомномасига, албатта, чигирткали тансиқ егуликлар киритилади. Чигирткали маккажўхори унидан пудинг, чили соусли чигиртка тортиллалари, ипак қурти ва чигиртка кабоби, қовурилган ёки қайнатилган чигирткалар, қовурилган чапулинлар ва қуёшли чигиртка каби таомлар шулар жумласидан.
2014 йил Рамазон ойида Арабистон яриморолида, хусусан, Саудия Арабистонининг Ал-Қассим минтақасида чигирткалар истеъмоли ортиб кетган. Чунки кўплаб саудияликлар уларни соғлом овқатланиш тамойилига мос келиши ва организмга жуда фойдали эканлигини яхши билишади.
Мексика таомлари ҳақида ўйлаганингизда, хаёлингизга нима келади? Начос, тортиллалар, чоризо, чуррос ва чили қалампири. Аммо мамлакатнинг айрим ҳудудларига саёҳат қилсангиз, ҳашаротлардан тайёрланган ноёб таомларни ҳам топишингиз мумкин. Бунга шоколад билан қопланган чигирткалар, конфет билан қопланган қуртлар ва сариёғ билан намланган чумоли тухумлари киради. Агар сиз ўзингизни ҳақиқий Мексика байрамида ҳис қилмоқчи бўлсангиз, албатта, ширинликлар учун шоколадли чигирткалар ёки ҳашаротлардан тайёрланган шароб тақдим этилади.
Австралияда чигирткалар «Само қисқичбақалари» дея севиб истеъмол қилинади. Қизиқ томони шундаки, 2004 йилда Австралиянинг айрим ҳудудларида чигирткалар тўдаси экинларни вайрон қилади. Маҳаллий аҳоли ушбу ҳашаротларни ейиш орқали ўч олмоқчи бўлишади. Чигиртка ейишни бошлаш ғояси мамлакат раҳбарияти томонидан олқишланади. Кўп ўтмай, «Само қисқичбақалари пишириқлари» ошхона китоби нашр этилади. Унда бир эмас, балки 20 та чигирткали таом рецепти мавжуд. Овқатлар орасида чигирткали чучвара, шоколад билан қопланган чигиртка ва ҳатто чигиртка бодроғи ҳам бор.
Кувайтда чигиртка тўйимли, мазали ва энергия тежайдиган оқсил манбаи сифатида севиб истеъмол қилинади. Чигирткали таомлар уларни ярим соат давомида қайнатиш орқали тайёрланади ва кейин қўшимча димлаш учун яна пиширилади. Катта авлод вакиллари эса бу қанотли мавжудотларни ноёб озуқа сифатида йил давомида истеъмол қилиш мақсадида қуритиб, сақлаб қўяди.
Африканинг турли мамлакатлари аҳолиси ҳам чигирткаларни ғоят хуш кўради. Найробиликлар уларни майдалаб, кундалик овқатларида мунтазам ишлатишади. Масалан, чигирткалар яхшилаб қовурилади ва соус билан дастурхонга тортиқ қилинади. Шуниси қизиқки, найробиликлар бу тансиқ таомни меҳмонлардан қизғаниб, бошқаларга бермасдан фақат ўзлари истеъмол қилишади. Шунинг учун чигирткахўр сайёҳлар Найробини айланиб ўтишни лозим кўрадилар.
Ишга солинмаган улкан имконият
Олимларнинг фикрича, Ўзбекистон иқлим шароити чигирткаларни кўпайтириш учун қулай ҳудуд бўлиб, ундан озиқ-овқат маҳсулоти сифатида фойдаланиш истиқболли. Бу, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, гастрономик туризмни ривожлантириш учун жуда муҳим ҳисобланади. Бизнингча, бу тармоқ ишга солинмаган улкан имкониятдир.
Тасдиқланган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Европага чигиртка Вьетнам ва Таиланддан олиб келинади. Бу эса логистика харажатлари ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун европаликлар ушбу тансиқ ва ноёб маҳсулотни Ўзбекистондан олишга катта қизиқиш билдирган. Мамлакатимизда бунга жавобан, ушбу соҳанинг пайдо бўлишига ёрдам бериш учун барча зарур ташкилий шарт-шароит яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу узоқни кўзлаган янги Ўзбекистоннинг ўзига хос инновацион бренди бўлар эди.
Чигирткаларни махсус контейнерларда кўпайтириб, ундан кенг фойдаланиш энг мақбул усул ҳисобланади. Яъни мослаштирилган контейнерлар қишлоқ аҳолисига тарқатилиб, унда чигирткалар кўпайтирилса ва улар махсус идишларда тўпланиб, марказлашган ҳолда махсус фермаларга топширилиб, «ҳосил» керакли санитария-гигиена усуллари билан қайта ишланиб, истеъмолчиларга топшириш силсиласи йўлга қўйилса, айни муддао.
Жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қанотли ҳашаротларга беқиёс оқсил манбаи сифатида қаралмоқда. Сабаби, қорамоллар парваришлаш ва гўшт етиштириш харажатлари ошиб кетмоқда. Қолаверса, табиий ресурслар чекланган, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж муттасил ортиб бораётган ҳозирги шароитда соғлом овқатланиш ва фойдали неъматларни топишни вазиятнинг ўзи тақозо қиляпти. Бунда чигирткалар энг мақбул ечимлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 250 мингдан 500 минг нафаргача болалар «А» витамини етишмаслиги сабабли кўзлари ожиз бўлиб қоляпти. Нотўғри овқатланиш билан боғлиқ семириш ва юрак-қон томир касалликлари, инсульт ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар тобора кўпайиб бормоқда.
Айтиш жоизки, анъанавий озиқ-овқат манбалари экологик жиҳатдан кўп хавф туғдирадиган неъматга айланиб қоляпти. Бу ҳол, ўз навбатида, ер ва сув ресурсларига катта юклама бўлиб, «иссиқхона газлари» чиқиндилари кўпайишига олиб келаётир. Бунда озиқ-овқат миқдори билан эмас, балки унинг сифати билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар талайгина. Масалан, АҚШда ҳар йили озиқ-овқатдан заҳарланиш бўйича тахминан 40 миллион ҳолат қайд этилиб, 3 мингдан кўпида ўлим кузатилади. Ушбу заҳарланишлар организмга озиқ-овқат билан бирга ҳазм тизимига кирадиган патоген микроорганизмлар таъсири билан ҳам тушунтирилади.
Илмий фактларга қараганда, чигирткаларни саноат асосида инновацион усулда кўпайтириш орқали карбонат ангидриднинг ҳавога чиқиши кескин камаяди. Энг асосийси, инсон организми учун фойдали оқсиллар, гармонь, витаминлар («А», «D» ва «Е»), макро ва микроэлементлар манбаи кўпаяди.
Таркиби 50,9 фоиз сифатли оқсилдан иборат
Чигирткалар бир қанча фойдали хусусиятларга эга. Биз, тадқиқотчилар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида чигирткаларни лаборатория шароитида ўрганиб, олган дастлабки физиологик ва молекуляр-биологик маълумотлар кўпчиликни ҳайратга солиши аниқ.
Гап шундаки, мазкур ҳашаротнинг таркиби 50,9 фоиз оқсил (асосан, алмашинмайдиган сифатли оқсиллар), 17 фоиз ёғ ва углеводлардан ташкил топган. Чигирткалар товуқ, тухум ва ловия каби бошқа ҳайвон ва ўсимлик манбаларига қараганда юқори оқсил миқдорига эга. Чигирткаларнинг ёғлари тўйинмаган ёғлар бўлиб, уни истеъмол қилиш қондаги холестерин даражасини яхшилайди ва яллиғланиш жараёнининг олдини олади. Тўйинмаган ёғлар одатда ёнғоқ, авокадо ва зиғир уруғи таркибида ҳам учрайди.
Чигиртка бир қатор минералларга ҳам бой бўлиб, таркибида темир, кальций, магний, марганец, «А», «C» ва «В» гуруҳ витаминлари («В2», «В5», «В7»)ни ҳам ўзида сақлайди. Уларнинг таркибидаги кальций миқдори сутникидан, темир миқдори исмалоқникидан юқори. Буларнинг барчаси озиқ-овқат элементлари таркибида учрайди.
Чигирткаларни ейишдан олдин, албатта, оёқлари олиб ташланиши керак. Унинг болдир суякларида катта тиканлар бўлиб, улар ичакка тушиб, ичакни тўсиб қўйиши мумкин. Агар сизда денгиз маҳсулотлари, қисқичбақа ёки омар қисқичбақаларига аллергиянгиз бўлса, чигирткали таомлар тавсия этилмайди.
Қонуний асос ишлаб чиқиш зарур
Чигирткалар бўйича ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, экспериментал намуналарда кўп миқдорда оқсил, қуруқ моддалар, витаминлар, макро ва микроэлементлар мавжуд. Шу боис қайта ишланган чигирткаларни озиқ-овқат саноатида, масалан, нон, гўшт, косметика ва сут саноатида ишлатиш истиқболли саналади. Чигирткалар оддий гўштдан кўра тўйимли, ҳатто ноёб озиқ моддаларга анча бой эканлигини таъкидлаб ўтдик. Уларда «омега-3» ва «омега-6» ёғ кислоталари ва юрак касалликларининг олдини олиш учун муҳим бўлган бошқа стероллар мавжуд, шу билан бирга, паст холестеринга эга. Чигирткалардаги лизин ва метионин каби аминокислоталар оддий гўштга қараганда 4 — 6 баравар кўп. Чигирткалар кальций, темир, рух, фосфор ва «Д3», «B12», «Е» ва «A» витаминларига бой. Чигирткалар бир қанча қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари (балиқ ва товуқ) озуқасининг таркибий қисми сифатида баҳоланади ва шу кунгача истиқболли натижаларга эришилганлиги уни Ўзбекистонда чорва озуқаси сифатида қўллаш мумкинлигини кўрсатади.
Айни пайтда бутун дунё бўйича чигиртка ва бошқа ҳашаротлардан озиқ-овқат саноатида фойдаланиш ҳамда сотишни қўллаб-қувватловчи қонуний асослар ва қоидаларни ишлаб чиқиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда ҳам бунинг ҳуқуқий асослари яратилса, келажакда анча фойда берадиган соҳага айланиши мумкин. Биз Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган Физиология илмий-тадқиқот маркази қошидаги Янги Ўзбекистон ёш физиологлари мактабида чигирткалар бўйича молекуляр-физиологик, биологик тадқиқотларни давом эттириш, давлат ва халқаро грантларда қатнашиш, шу соҳада дунё даражасидаги илғор илмий ишларни йўлга қўйишга қарор қилдик.
Яна бир таклифимиз, университет ҳудудида туристлар ва чигирткахўр гурманлар учун чигирткали тансиқ таомлар тайёрловчи «Чигиртка — Locust» ресторанини очишни таклиф этамиз.
Янги Ўзбекистон шароитида чигирткаларни физиологик, биокимёвий, генетик, фойдали мақсадларда ишлатиш учун таъминот манбаларини ташкил этиш, уларнинг озуқавий қиймати тўғрисида кўпчиликни хабардор қилиш, хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш, чигирткаларни самарали йиғиш ва қайта ишлаш қоидалари ҳамда технологияларини ишлаб чиқиш бу борадаги дастлабки, шу билан бирга, ўта муҳим қадам саналади.
Гулсара АҲМEДОВА,
ЎзМУнинг Одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедраси катта ўқитувчиси, биология фанлари бўйича фалсафа доктори,
Одинахон САМАНОВА, Солиҳа НИЗОМХЎЖАЕВА,
биология факультети 2-курс талабалари, Янги Ўзбекистон ёш физиологлари мактаби аъзолари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Вазир ўринбосари хотинини алдагани учун ишдан бўшатилди
- Шавкат Мирзиёев: Эзгулик, билим ва маърифатни қурол қилиб, жаҳолат ва ёвузлик йўлини тўсайлик!
- 17 нафар профессор-ўқитувчига илмий унвон берилди
- Даврон Кабуловнинг отаси «ўғрилик» бўйича судланиб, қарийб 345 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди
- Президент Шавкат Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига ташриф буюрди — Фоторепортаж
- Олимлар Франклин экспедициясига оид дахшатли сирни очишди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг