Чет тилини ўрганиш нима учун керак?

22:09 20 Май 2022 Жамият
6276 0

Фото: Иллюстратив фото

Инсоният яралибдики, тил орқали ўзаро мулоқотга киришади. У халқларни бир-бирига боғловчи бетакрор феномен бўлса, иккинчи тарафдан турли миллатларни бир-биридан ажратувчи, ўзига хос ноёб ҳодисадир. Қолаверса, бугунги кунга келиб жаҳоннинг энг илғор иш услубларини ўзлаштириш учун ҳам тил асосий восита ҳисобланади. Зеро, тарихдан маълумки, қайси халқ вакиллари қанча кўп тил билса, шунча тез ва мукаммал тараққиёт йўлига чиқа олган.

Бугунги кунда юртимиз олий ўқув юртлар тизимида чет тилларни ўқитиш икки йўналишда амалга оширилмоқда. Биринчи йўналишда бўлғуси филолог, яъни чет тили фани ўқитувчилари тайёрланади. Иккинчи йўналишда эса турли касб бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг хоҳишига биноан чет тилларидан бири ўргатилади. Бу йўналишнинг аудиторияси биринчи йўналишга нисбатан анча катта. Лекин бу чет тилларини ўқитишнинг энг оғриқли, ўта бўш, илмий-амалий нуқтаи назардан жиддий ислоҳотга муҳтож соҳаси ҳисобланади.

Андижон давлат университетининг чет тиллари факультетида ҳозирги кунда 2 минг 949 нафар талаба кундузги таълимда инглиз, немис, француз тиллари ва адабиёти бўйича таҳсил олмоқда. Бироқ, тан олиш керак, бугунги кун таълимотидаги қўлланмалардаги матнлар, маълумотлар миллий менталитетимизга тўғри келмайди. Бир сўз билан айтганда, дарсликлар талаб даражасида эмас. Шу боис университетнинг ўзида 1-курс талабалари учун “Reading1», “Writing1», “Speaking1» ва “Listening1» номли дарслик тайёрланиб, ҳозирда факультетда синовдан ўтказилмоқда. Яқин келажакда ушбу дарсликларни бошқа курслар учун ҳам яратиш режалаштирилган. Бунинг учун университетимизда 7 та кафедра фаолияти ташкил этилган бўлиб, уларда жами 184 нафар профессор-ўқитувчилар хизмат қилмоқда.

Бироқ муаммолардан ҳам холи эмасмиз. Масалан, талабаларга ўзлари танлаган касб йўналиши бўйича терминлардан таркиб топган чет тилини ўргатиш методикасига эга эмасмиз. Қолаверса, республикамизнинг бошқа олийгоҳларида ҳам илм-фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) фанлари йўналишлари бўйича чет тилида, жумладан, инглиз тилида дарс бера оладиган мутахассислар тайёрлаш давр талаби даражасида эмас. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 апрелдаги «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида»ги Фармони мазмунидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш ҳамда келажакда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар, Президент мактабларига кадрлар етиштириб, жойларда энг илғор таълим тизимини жорий этиш давр талабига айланди.

Савол туғилади: чет тилини неча ёшдан бошлаб ўрганиш мақсадга мувофиқ?

Шу ўринда айтиш лозимки, бола тилни ўзлаштира бошлаган, яъни гапиришни ўргана бошлаган пайтдан бошлаб бирорта хорижий тилни ҳам ўзлаштириш қобилиятига эга бўлади. Шуни ҳисобга олган ҳолда факультетимизнинг салоҳиятли методист-олимлари томонидан «Боғча-мактаб-олийгоҳ» кластерини шакллантириш мақсадида “My First English Book” номли биринчи дарслик тайёрланди. У боғча ёшидаги болалар учун мўлжалланган бўлиб, кичкинтойларнинг тил ўрганиш жараёнини шакллантиришга хизмат қилади.

Биз эртамиз бугунданда ёрқин, фаровон бўлишига ишонамиз. Ишончлар амалга ошади, қачонки унинг учун бугундан пойдеворни мустаҳкам қўя олсак. Ана шундай мустаҳкам асослардан бири чет тилини ўрганишдир. Шу маънода замондошларимизда, айниқса, ёшларимизда хорижий тилларни ўрганишга бўлган талабнинг ортаётгани беҳад қувонарли. Бу эса чет тилларини ўқитиш соҳасида фаолият юритаётган ходимлар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Дилшодбек РУСТАМОВ,

Андижон давлат университети

чет тиллари факультети декани,

филология фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?