Черногория ўзбекистонликлар учун визасиз режимни бекор қилди

17:27 14 Октябр 2025 Сиёсат
300 0

Жорий йилнинг 9 октябрь куни Черногория ҳукумати бош вазир Миложко Спайич раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги мажлисида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилди. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз тартибни бекор қилиш тўғрисидаги қарор ҳам бор.

Фото: Черногория ҳукумати матбуот хизмати

Маълум бўлишича, ҳукумат 2024–2027 йилларга мўлжалланган ислоҳот дастури ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича 24-бобдаги талабларга мувофиқ равишда ўз визавий сиёсатини Европа Иттифоқи меъёрларига мослаштирмоқда. Шу муносабат билан Арманистон, Ўзбекистон ва Миср фуқаролари учун амал қилиб келган вақтинчалик визасиз тартиб тўхтатилди.

Шунингдек, ҳукумат визалар тўғрисидаги низомга ўзгартиш киритиб, Кувайт фуқаролари учун мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқини бекор қилди, Науру давлати фуқароларини эса визадан озод қилинган давлатлар рўйхатига қўшди. Бу қадам ҳам Черногориянинг ЕИ визавий сиёсатига мувофиқлашиш йўлидаги навбатдаги амалий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Бундан ташқари мажлисда Черногориянинг Ҳиндистон, Япония, Саудия Арабистони, Қатар, Чехия ва Словакияда янги элчихоналар очиш, Бельгиядаги элчихонаси қошида Люксембургда ваколатхона ташкил этиш бўйича қарорлар ҳам қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?