Чемпион мототцикл ўғирлади, агар у оқланмаса, транспорт ёқиб юборилиши мумкин эди

13:50 18 Ноябрь 2020 Жамият
1135 0

Иллюстратив фото

У спортда эришган ютуқлари асосида берилган имтиёз асосида Ўзбекистон Миллий университетига қабул қилинганди. Эндигина 18 ёшни қаршилаган Ж.нинг болаларча қизиқиши Ўзбекистон тумани ИИБ ЙҲХГга қарашли «Шодлик» МФЙ ҳудудида жойлашган жарима майдонида сақланаётган “JAWA” русумли мототциклни ўғирлик йўли билан олиб қочишга ундади.

«Қаҳрамон»имиз 2020 йил 2 сентябрь куни соат 02:00 ларда “JAWA” русумли мототциклни ўғирлашга ўғирлаб олиб чиқдию, йўлда кетаётганда қилган ишидан афсусланиб, ўзи яшайдиган маҳалла профилактика инспекторининг телефон рақамига қўнғироқ қилиб, жарима майдонидан мототцикл ўғирлаб чиққанини айтиб, айбини бўйнига олди.

Бироздан сўнг, етиб келган профилактика инспектори тегишли ҳужжатларни расмийлаштирди. Натижада, мототцикл жарима майдончасига қайтарилди, Ж. эса қамоққа равона бўлди.

Суд мажлисида сўралган Ж. мототцикл минишга жуда қизиққани сабабли ушбу мототциклни ўғирлаб чиққанини, уни шу куни миниб, кейин яна жойига олиб бориб қўймоқчи бўлганини билдирди.

Мототцикл эгаси эса суддан арзимаган нархдаги мототциклини деб Ж.нинг келажагини барбод қилмасликни, агар у озодликдан маҳрум қилинадиган бўлса, ўша мототциклини керак бўлса ёқиб юборишини, Ж. содир этган жиноят натижасида ҳеч қандай моддий зарар кўрмагани, уни кечирганини айтиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Ж. ўзининг жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми «г» бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этган. У Жиноят кодексида белгиланган модда санкцияси доирасида 10 йилдан 15 йилгача озодлиги маҳрум қилиниши мумкин эди.

Лекин суд Ж.га жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти жабрланувчига зарар етказилмагани, унинг Ўзбекистон Миллий университети талабаси экани, спортнинг Taekvondo WTF тури бўйича эришган ютуқлари, айбини бўйнига олиш тўғрисида арз ва пушаймонлигини ҳисобга олди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят кенгаши томонидан берилган ижобий тавсифномани ҳисобга олиб, суд ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, модда санкциясида назарда тутилмаган озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, Ж.га кеч соат 21:00 дан эрталаб соат 6:00 гача яшаш жойидан чиқмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва ўқиш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқларни юклаб суд залидан дарҳол қамоқдан озод қилишни лозим топди.

Эҳтиёт чораси сифатида икки ойдан ортиқ муддат қамоқда сақланган Ж. озодлик қадри нақадар юксак эканини англаб, ўқиб, спортнинг Taekvondo WTF тури бўйича албатта Осиё ва Жаҳон чемпиони бўлишга ваъда берди.

Э.Ҳакимов,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?