Чекка туманда юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари

22:00 25 Июнь 2025 Жамият
128 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ховос тумани тиббиёт бирлашмасида янги лапароскопик ускуна ишга туширилди. Натижада юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти пайдо бўлди. Икки нафар шифокор лапароскопик ускуна воситасидаги амалиётларни бажариш бўйича махсус қайта тайёрлов курсларида ўқиди ҳамда амалий малакага эга бўлди.

— Янги тиббий ускуна туфайли беморларга катта қулайлик яратилди, — дейди Ховос тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мақсатулла Нарзуллаев. — Гап шундаки, аввал бундай ускуна орқали қилинадиган амалиётлар асосан вилоят марказида бажарилар эди. Узоқ йўл, ортиқча харажат, навбатда туриш ва бошқа оворагарчиликларга энди барҳам берилди. Јолаверса, беморлар амалиётдан кейинги тикланиш жараёнини ҳам тиббиёт бирлашмамизнинг жарроҳлик бўлимида ўтказиш имкониятига эга бўлди.

Эътиборлиси, лапароскопик ускуна муассасанинг ички маблағлари ҳисобидан сотиб олинди. Ҳозиргача унинг ёрдамида 54 та лапароскопик холецистектомия, 1 та диагностик лапароскопия ҳамда 2 та оёқ ампутацияси каби юқори технологияли жарроҳлик муолажаси бажарилди.

Маълум қилинишича, Ховос туманида эндоурология, ангиохирургия ва проктология йўналишидаги юқори тиббий технологияли жарроҳлик амалиётларни амалга ошириш ҳам режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?