«ChatGPT»да «Чуқур тадқиқот» функцияси ишга тушди. Энди у илмий ишлар ёзиб бериши мумкинми?

«OpenAI» компанияси «ChatGPT» платформасида янги «Deep Research» (Чуқур тадқиқот) функциясини ишга туширди. Бу имконият интернетда кўп босқичли таҳлил ўтказиш ва маълумотларни йиғиш жараёнларини автоматлаштиради. Бу ҳақда ширкат ўз сайтида баёнот берган.
Хабар қилинишича, янги функсия сунъий интеллект ёрдамида катта ҳажмдаги манбаларни таҳлил қилиб, улар асосида тўлиқ ҳужжат шакллантиради. «OpenAI» бу функция орқали мутахассисларнинг вақт тежашини ва тадқиқотлар самарадорлигини оширишни мақсад қилган.
«Deep Research» «OpenAI»нинг янги «о3» модели асосида ишлайди ва интернетдаги маълумотларни излаш, таҳлил қилиш ва синтез қилиш учун махсус мослаштирилган. Бу функция мазмунли, текширилган ва ишончли маълумот тақдим этиш учун ишлаб чиқилди.
Янги функсия жорий таҳлилларнинг аниқ манбалар билан тасдиқланишини таъминлаб, ҳар бир маълумотни ҳаволалар орқали ҳужжатлаштиради. Бу эса янгиликлар, илмий тадқиқотлар ва бозор таҳлилларини автоматик равишда йиғиш ва таҳлил қилиш жараёнларини анча тезлаштиради.
Функция асосан молия, фан, муҳандислик ва сиёсат соҳаларидаги мутахассислар учун ишлаб чиқилган. Шунингдек, у шахсий харидлар, бозор таҳлиллари ёки илмий тадқиқотлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
«Deep Research» оддий қидирув тизимларидан фарқли равишда ноодатий ва мураккаб маълумотларни топишда юқори самарадорликка эга. Бу жараён манбаларни ўрганиш, далилларни солиштириш ва умумий хулоса чиқариш имконини беради.
Фойдаланувчилар «ChatGPT»да «Deep Research» режимини танлаб, тадқиқот мавзусини киритишлари мумкин. Саволларга янада аниқроқ жавоб олиш учун қўшимча файллар ёки жадваллар юклаб, сунъий интеллектга қўшимча контекст бериш мумкин.
Тадқиқот жараёни 5-30 дақиқа давом этиши мумкин ва натижа тайёр бўлганида фойдаланувчи хабарнома орқали огоҳлантирилади. Ҳар бир ҳисобот ҳаволалар, манбалар ва таҳлил натижалари билан тўлиқ ҳужжатланган бўлади.
«OpenAI» маълум қилишича, «Deep Research» ҳали ҳам ривожланиш босқичида, шу сабабли айрим камчиликлар кузатилиши мумкин. Масалан, баъзан фактлар нотўғри келтирилиши, маълумотларнинг ишонч даражаси ноаниқ баҳоланиши ёки манбалар форматлашда кичик хатолар кузатилиши мумкин. Шундай бўлса-да, «OpenAI» функцияни тезкор равишда такомиллаштириб, ишончли натижаларни таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Ҳозирда «Deep Research» «ChatGPT Pro» фойдаланувчилари учун чекланган 100 та сўров лимити билан очиқ. Кейинроқ «Plus» ва «Team» версиялари учун ҳам жорий қилиниши режалаштирилган. «OpenAI» тезроқ ва арзонроқ версия устида ҳам иш олиб бормоқда. Бу эса янги фойдаланувчилар учун имкониятларни кенгайтиради. Келажакда бу функция махсус обуналар ва ички маълумот базаларига уланиш имкониятига эга бўлиши кутиляпти.
«OpenAI» «Deep Research»ни аввал веб-версияда, кейинроқ эса мобил ва десктоп дастурларда ишга туширишни режалаштирмоқда. Келажакда бу технология ички маълумот манбалари ва обуналарга уланиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, «OpenAI» «Deep Research» ва «Operator» имкониятларини бирлаштириб, чат-ботнинг реал ҳаётдаги топшириқларни бажариш қобилиятини янада кенгайтиришни режалаштирган. Бу эса мустақил равишда ишлайдиган сунъий интеллект агентларини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг